Сайт тест режимида ишламоқда

№ 1235 Ўзбекистон Республикасининг референдумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан айрим округ комиссиялари раисларининг ахборотлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

 

№ 1235                                                2023 йил  12 апрель

 

 

Ўзбекистон Республикасининг референдумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан айрим округ комиссиялари раисларининг ахборотлари тўғрисида

 

 

“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18 ва 20-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш календарь режасини тасдиқлаш ҳақида”ги 2023 йил 16 мартдаги 1209-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

 

1. Ўзбекистон Республикасининг референдумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида референдум ўтказувчи 1-Қорақалпоғистон округ комиссияси (У.Жалменов), референдум ўтказувчи 7-Самарқанд округ комиссияси (Ф.Тошев), референдум ўтказувчи 13-Қашқадарё округ комиссияси (И.Ахмедов) раисларининг ахборотлари маълумот учун қабул қилинсин.

 

2. Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказувчи округ комиссиялари раислари:

 

Ўзбекистон Республикаси референдумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш Календарь режасида белгиланган тадбирлар ўз вақтида амалга оширилиши назорат қилинишини;

 

референдум ўтказувчи участка комиссияларининг таркиби ва жойлашган манзили тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинишини;

 

референдум ўтказувчи участка комиссияларининг Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими орқали Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига уланишини;

 

референдум ўтказувчи участка комиссиялари томонидан овоз берувчи фуқаролар рўйхатига аниқлик киритиш ишларини мутасадди идоралар билан ҳамкорликда мувофиқлаштириб борилишини;

 

референдум округи ҳудуди бўйича имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган овоз берувчилар, кексалар, беморлар ва овоз бериш биносига бора олмайдиган фуқаролар ҳақидаги маълумотлар аниқлаштирилишини;

 

кўзи ожиз овоз берувчилар ҳақида маълумотларни аниқлаш ва Брайль алифбосида тайёрланадиган овоз бериш бюллетенлари етказилиши зарур бўлган референдум участкалари рўйхати тайёрланишини;

 

овоз берувчи фуқароларнинг ва референдум бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини референдум тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган муддатларда кўриб чиқиб, асослантирилган жавоб берилишини;

 

референдум ўтказувчи участка комиссияларининг фаолияти  мувофиқлаштирилиб борилишини;

 

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва сиёсий партиялардан кузатувчиларга аризалар келиб тушишига қараб, белгиланган намунадаги мандатлар беш кунлик муддатдан кечиктирмай топширилишини таъминласин.

 

3. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

 

4. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.

 

 

Раис                                                                             З. Низамходжаев