Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг қарори
№ 1217 2023 йил 27 март
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузуридаги референдум участкаларини тузиш тўғрисида
“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 16 ва 18-моддаларига, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 16-моддасига, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2022 йил 13 июлдаги 1178-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида референдум участкалари ҳамда референдум ўтказувчи участка комиссияларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида референдум участкаларини тузиш ҳақидаги тақдимномасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида 55 та референдум участкаси иловага мувофиқ тузилсин.
2. Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган референдум участкалари Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 14-Тошкент шаҳар референдум округига бириктирилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузиладиган референдум ўтказувчи участка комиссияларининг фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминласин;
хорижда яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хориждаги референдум участкалари тўғрисида, овоз берувчиларни хориждаги референдум участкаси овоз берувчилар рўйхатига киритиш тартиби ва муддатлари тўғрисида, муддатидан олдин овоз бериш кунлари ва овоз бериш куни тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали ёки бошқа йўллар билан (маҳаллий шароитни инобатга олган ҳолда) хабардор қилсин;
“Дунё” ахборот агентлиги орқали Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган референдум участкалари фаолияти мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналарига Ўзбекистон Республикасининг референдумига доир ҳужжатлар ва жиҳозларнинг ўз вақтида етказиб берилишини, шунингдек ушбу ҳужжатлар 14-Тошкент шаҳар референдум ўтказувчи округ комиссиясига олиб келинишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Котибияти зиммасига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг сўровига биноан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган референдум участкаларини референдумга оид ҳужжатлар, адабиётлар ва жиҳозлар билан таъминлаш вазифаси юклатилсин.
6. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
7. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.
Раис З. Низамходжаев