31.07.2025

87

msk_yangiliklari_in

Холислик, тезкорлик ва масъулият

 

Оммавий ахборот воситалари вакилларининг сайлов

жараёнларини ёритишдаги муҳим ўрни, масъулияти, формат ва ёндашуви

 

Оммавий ахборот воситалари сайлов жараёнларини халқ оммасига етказишда муҳим ўрин тутади. Сайловлар очиқ ва ошкора ўтишини таъминлашда, жамоатчилик назоратини амалга оширишда ОАВнинг ўрни беқиёс. Журналистлар орқали аҳоли турли даражадаги сайловлар ҳақида тезкор ва холис маълумот олиб боради. Бу сайлов жараёнларини оммалаштиради. Сайловчиларда ўтказилаётган муҳим сиёсий жараён юзасидан зарур тушунчаларнинг шаклланишига хизмат қилади.

 

Албатта, сайловларни эркин ва адолатли ўтказишда оммавий ахборот воситаларига кенг имкониятлар яратилиши шарт. Сайлов комиссиялари ва сайлов участкаларида журналистлар эркин ҳаракатланиш, ахборот манбаларидан тенг фойдаланиш имкониятига эга бўлиши лозим. Давлат ва хусусий ахборот воситалари учун сайлов жараёнида тенг шароит яратилиши, уларнинг қўллаб-қувватланиши очиқ сайлов муҳитининг муҳим жиҳатидир. Мамлакатимизда сўнгги йилларда ўтказилган бундай муҳим сиёсий жараёнларда бу каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилаётгани ОАВ вакиллари фаолиятининг қонуний кафолатларидир.

 

Миллий қонунчилигимизга кўра, оммавий ахборот воситалари вакиллари сайлов кампанияси даврида сайлов комиссияларининг мажлисларида, бошқа турдаги тадбирларида бевосита иштирок этиши, овоз бериш биноларида сайлов жараёнларини ёритиш учун аккредитациядан ўтказилиши лозим.

 

Сайловларни ёритишда журналистларга кенг ҳуқуқ ва эркинликлар берилгани ҳолда, улар зиммасига катта масъулият ҳам юклатилади. Энг аввало, оммавий ахборот воситалари вакиллари берилган имкониятлардан фойдаланиб, жамоатчиликка ҳаққоний ва холис ахборот етказиши лозим. Демак, сайлов ҳақида ҳар қандай маълумот аввало текширилган, тўғрилигига тўлиқ ишонч ҳосил қилинган ва холисликка асосланиши керак.

 

Оммавий ахборот воситалари вакиллари нафақат сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш юзасидан сайлов комиссиялари томонидан ўтказилган мажлислар, тадбирларни ёритиши, балки уларда қабул қилинган қарорларнинг мазмун-моҳиятини сайловчиларга халқчил етказиши лозим. Сайлов жараёнларида жорий қилинган муҳим ўзгаришлар, янги қонунчилик нормалари мақсадли аудиторияларга холис тақдим этилиши лозим.

 

Оммавий ахборот воситалари вакиллари сайлов кампанияси даврида турли кўринишда ахборот материалларини ишлаб чиқар экан, энг аввало, ўтказилаётган сайловнинг аҳамияти, қонунчилик талаблари, сайловда жорий қилинадиган муҳим янгиликликлар, хизматлар, сайловчилар учун яратилган имкониятларни тўлиқ англаб етиши лозим.

 

Шу ўринда оммавий ахборот воситалари таҳририятлари сайлов жараёнларини ёритишда билим ва тажрибага эга ўз вакилларини сайлов қонунчилиги бўйича ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш юзасидан сайлов комиссиялари томонидан ташкил этиладиган семинар-тренингларда фаол иштирок этишини таъминлаши мақсадга мувофиқ бўлади. Бу сайлов жараёнларининг фаол ва холис ёритилишида муҳим омил бўлади. Журналист фақат ишончли манбаларга таянган ҳолда хабар тайёрлаши, ахборотни бузиб кўрсатмасдан тақдим этиши лозим.

 

Сайлов кампанияси даврида ёки ҳудудларда бўшаб қолган ўринларга ўтказиладиган сайлов жараёнларида сайлов участкаларида туриб сайлов жараёнларини ёритишда, сайловчилар билан интервьюларни ташкил этишда овоз беришнинг у ёки бу кўринишда яширинлик принципларини бузмаслиги лозим. Мисол учун, овоз бериб бўлган сайловчидан қайси сиёсий партияни ёки номзодни ёқлаб овоз берганлигини сўраш бу овоз беришнинг яширинлик принципини бузиш демакдир. Ёки аксинча, сайловчи яширин овоз бериш кабинасида сайлов бюллетенини тўлдираётган жараёнда ундан интервью олиш мумкин эмас.

 

Сайлов жараёнларини ёритишда оммавий ахборот воситалари вакиллари сайловчиларни зарур ахборот билан таъминлаб, сайловга тайёргарликдан тортиб овоз бериш ва овоз бериш натижалари эълон қилингунгача бўлган ҳар бир босқични жамоатчилик учун очиқлаб боради. Журналистлар ўз фаолияти орқали сайловларда ошкоралик ва шаффофликни юксалтиради. Бу эса сайлов натижаларига бўлган ишончни мустаҳкамлайди. Мисол учун, сайловларни холис ёритиш турли қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олади, сайлов жараёнининг тўғри ўтишига кўмаклашади.

 

2024 йилнинг октябрь ойида  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида оммавий ахборот воситлари вакиллари илк бор “E-saylov” ахборот тизими орқали аккредитациядан ўтказилди.

 

Сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда сайлов жараёнларига оид 42 мингга яқин ахборот эълон қилинди.

 

Қиёслаш учун, 2019 йил ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда сайлов жараёнларига оид 38 мингдан ортиқ ахборот эълон қилинган эди.

 

Рақамлар сўзлаганидек, бу ҳам ўз навбатида сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш, сайловчиларнинг сайлов жараёнлари бўйича хабардорлигини ошириш бўйича ахборотларни тақдим этиш динамикаси ошганидан далолат беради.

 

Шу ўринда, бунинг бир неча сабабларини таъкидлаб ўтиш ўринлидир. Бугунги кунда ахборот узатишнинг замонавий кўринишлари юзага келдики, ахборот соҳаси, йўналишидан қатъий назар креатив ахборот узатиш элементларини ўзида мужассам қилмоқда. Эндиликда кўплаб ахборот олувчилар матн, аудио, видео комбинациялиларидан иборат видео шарҳлар ёки анимацион роликлардан иборат контентлар орқали ахборот кенг қабул қилишни афзал кўрмоқда.

 

Энди, ахборот олиш манзил макони ҳам ранг-баранг кўринишларга эга бўлиб бормоқда. Уйда, ишда ёки кўчадамисиз сиз турли кўринишда ахборотга эга бўлишингиз мумкин. Ўзингизга қулай бўлган форматларда ахборот истеъмолчисига айланасиз. Бу борада чеклов йўқ. Шу сабабли ҳам бугун ахборотга бўлган талаб ортмоқда.

 

Мисол учун Марказий сайлов комиссияси томонидан 2024 йил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида сайловчиларнинг сайлов жараёнлари бўйича саводхонлигини ошириш, янгиланган сайлов қонунчилигининг мазмун-моҳиятини кенг етказиш мақсадида замонавий ахборот узатиш усулларидан фойдаланган йигирмадан ортиқ анимацион ролик ишлаб чиқилди. Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар орқали тарқатилган мазкур видеороликларнинг умумий ахборот қамрови 25 миллион фойдаланувчини ташкил этди. Шунингдек, МСК расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқ саҳифаларида эълон қилиш учун сайлов кампаниясига оид 20 дан ортиқ инфографикалар ишлаб чиқилди.

 

Сайлов фақат сайлов комиссиялари ва сиёсий партияларнинг иши эмас, балки бутун жамият ҳаётига дахлдор сиёсий тадбирдир. Оммавий ахборот воситалари эса ушбу тадбирнинг ойнаси ва минбари сифатида хизмат қилади. Оммавий ахборот воситалари қанчалик холис, профессионал ва масъулиятли бўлса, сайловлар шунчалик очиқ ва адолатли ўтади.

 

Очиқлик, ошкоралик ва ҳаққонийлик тамойилларига амал қилган ҳолда фаолият юритаётган журналистлар демократик сайлов жараёнининг ҳақиқий қаҳрамонларидир. Улар орқали сайловчиларнинг ҳуқуқий маданияти ошади, сайлов жараёнларига хайрихоҳлигини орттиради айни пайтда мамлакатимизда демократик қадриятлар мустаҳкамланишига хизмат қилади.

 

Бекпўлат ХУДОЙБЕРГАНОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси

етакчи маслаҳатчиси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур