ВАТАН УЧУН ЖОНИН ТИККАНЛАР ( II ҚИСМ)

27.01.2023

2344

msk_yangiliklari_in

“Хитойда орттирган тажрибаси Шариф Ширинбоевнинг Эрондаги фаолиятида жуда қўл келади, — дейди Худойберди ака Соҳибов. — Форс кўрфазида у энди “самарқандлик Худойбердибойнинг ўғли Абдуқодирбой” сифатида танилади”.

 

Карвонбошининг жасорати

 

“Хитойда орттирган тажрибаси Шариф Ширинбоевнинг Эрондаги фаолиятида жуда қўл келади, — дейди Худойберди ака Соҳибов. — Форс курфазида у энди “самарқандлик Худойбердибойнинг ўғли Абдуқодирбой” сифатида танилади”.

 

Гитлерчиларнинг режасида Эрон муҳим ўрин тутган. Мақсади, аввало, Кавказни босиб олиш ва шу йўл билан АҚШ ҳамда Буюк Британия томонидан СССРга етказиб берилаётган қурол-яроғ, хомашё ва озиқ-овқат йўлини тўсиб қўйишдан иборат эди.

 

Шариф Ширинбоев 1942 йилнинг баҳорида Эроннинг Хуросон вилоятида Совет ҳукуматининг савдо ваколатхонаси раҳбарининг ўринбосари мақомида иш бошлайди. Бу мақом соясида у талай жанговар вазифаларни муваффақиятли амалга оширади.

 

Тарихдан маълумки, “Катта учлик” деб аталмиш давлатлар – СССР, АҚШ ва Буюк Британия раҳбарларининг 1943 йили Теҳронга йиғилаётганидан хабар топган Гитлер ўзнинг “ишонган тоғи”, сал аввал Италиянинг собиқ ҳукмдори Бенито Муссолинини қамоқдан олиб қочиб келган устомон жосус сифатида ном чиқарган, Отто Скорсени бошчилигидаги энг сара қўпорувчиларини Эронга ташлайди. Фашистлар уч иттифоқчи давлат раҳбарлари — Иосиф Сталин, Франклин Рузвелт ва Уинстон Черчиллни йўқ қилиш учун ўта махфий ҳаракатини бошлайди. Вазият шу даражада қалтис тус оладики, Америка Қўшма Штатлари президенти Франклин Рузвелт, ўз элчихонаси қолиб, Сталиннинг қароргоҳида тунашга мажбур бўлади. Жаҳоннинг тақдири ҳал қилинган бу оламшумул анжуманнинг тинч-осойишта ўтишини таъминлаганлар орасида уч мамлакат махсус хизматларининг “қилни қирқ ёрган” ходимлари, жумладан, ўзбек разведкачиси Шариф Ширинбоев ҳам ҳал қилувчи роль ўйнайди.

 

“Катта учлик”нинг 28 ноябрдан 1 декабргача ўтган учрашувида келишиб олинганидек, 1944 йилнинг июнь ойида Нормандия қирғоқлари (Франция) орқали Буюк Британия ва АҚШ қўшинлари томонидан “иккинчи фронт” очилади ва икки ўт орасида қолган Гитлер икки фронтда уруш олиб боришга мажбур бўлади.

 

Архив ҳужжатларида дарж этилганидек, Теҳронда ўтган ана шу йирик конференция арафасида Шариф Ширинбоевга Журжон вилоятидаги Моравинтепа қишлоғига бориш ва ўша атрофдаги ҳудудсиз биёбонга тунда парашютдан ташланган қуролли тўдаларга оид шошилинч хабарнинг нечоғли тўғрилигини аниқлаш вазифаси топширилади.

 

Савдогар сифатида иш кўраётган Шариф Ширинбоев маҳаллий тужжорлардан бири билан мўъжаз карвон тузиб, унга қанд-қурс, туз, газмол каби ўта зарур товарларни юклаб, тезда йўлга тушади. Қишлоқма-қишлоқ юриб, молини пуллар экан, кўз илғамас пистирмаларда яшаётган ҳарбийлашган тўдаларни кузатади. Маҳаллий аҳоли орасида кўзга ташланмаслиги учун асосан асир тушган осиёлик осийлардан танланган захирадаги жангарилар билан узун-қисқа суҳбатлар асносида уларнинг 67 нафар эканлиги маълум бўлади.

 

Булардан ташқари, қўпорувчиларнинг қандай қурол-яроғи бор, пистирмаси қаерда, қандай жойлашган, раҳбарлари ким эканлиги ҳам резведкачимизнинг синчков нигоҳидан четда қолмайди. Ҳатто, айримларини зимдан суратга олишга ҳам муваффақ бўлади.

 

Қўлга киритилган бундай қимматли ва ишончли разведка маълумотлари натижасида фашистларнинг “Мислсиз сакраш” деб аталмиш операциясига бош қўшган қўпорувчилар тўдасига барҳам берилади. Фюрернинг “ишонган тоғи” жасур ўзбек разведкачисининг қаршисида чил-парчин бўлади.

 

“Тан олиш керакки, берилган ўта хавфли ва масъулиятли жанговар топшириқни бундай қойилмақом қилиб бажариш ҳамманинг ҳам, ҳар бир разведкачининг ҳам қўлидан келавермайди, — деб фахр билан таъкидлайди Худойберди Соҳибов. — Мана шундай буюк хизматлари учун ҳам Шариф Ширинбоевни ҳақли равишда “афсонавий разведкачи”, деймиз. У Ватани учун жонини тиккан, жасур, эътиқодли, лекин ғоят камтарин, камсуқум инсон эди”.

 

Қалқонга айланган қалблар

 

Иккинчи жаҳон уруши йиллари фронт учун энг зарур маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётган йирик саноат корхоналари жойлашган республикамизда давлат хавфсизлик органлари томонидан ғоят мураккаб, қалтис ҳамда заҳматли ишлар амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш зарур. Хавфсизлик органларининг ходимлари давлатга оид ва ҳарбий сирларни мустаҳкам сақлаш, ҳарбий иншоотлар, темирйўл транспорти, коммуникациялар ва алоқа воситаларининг узлуксиз ишлашини муттасил таъминлаш учун том маънода кўксини қалқон қилганлар. Ўзбекистон ҳудудига суқилиб кирмоқчи бўлган кўплаб қўпорувчилар қўлга олинган.

 

Бундай ишончли, дадил ва жипсликдаги ҳаракатлар самарасида душман томонидан Ўзбекистоннинг ҳарбий-саноат салоҳиятини заифлаштириш, ғаним агентларининг ҳаётий ўта муҳим марказларимизга кириб келишига бўлган муттасил уринишлари бутунлай чиппакка чиқарилган.

 

Яна бир жанговар вазифа

 

Бунга жасур разведкачи Шариф Ширинбоев томонидан амалга оширилган яна бир жанговар вазифа яхши мисолдир. Хориж разведкачиларининг паноҳида қарийб йигирма йилдан буён жосуслик ва қўпорувчилик ишлари учун мос одамларни топиш, ёллаш ҳамда Совет Иттифоқига, жумладан, Ўзбекистонга жўнатиш билан мунтазам шуғулланиб келган пихини ёрган бир хоинни қўлга тушириш ана шундай муҳим вазифалар сирасидан эди.

 

Қайд этилганидек, обрўли бойвачча сифатида танилган разведкачимиз ўз кўмакдошларининг ёрдами билан хоинни ими-жимида Машҳаддаги уйига меҳмонга таклиф қилади. “Меҳмон” келади ва ўша тундаёқ унинг оёқ-қўли боғланиб, Ашхободга жўнатилади. Хоин билан бирга, чет эллик агентларни азим дарёдан ўтказиб қўйиш билан мунтазам шуғулланиб келган “ҳожатбарорлар” ҳам контрразведкачиларимиз қўлига топширилади.

 

Тарихчи олимларнинг қайд этишларича, урушдаги муваффақиятнинг 15 фоизи армияга, 85 фоизи эса фронторти таъминотига боғлиқ экан.

 

Шу жиҳатдан қараганда, расман Совет ҳукуматининг Хуросон вилоятидаги савдо ваколатхонаси раҳбарининг ўринбосари сифатида фаолият юритган Шариф Ширинбоевнинг тижорат ишлари ҳам таҳсинга лойиқдир. Келинг, яна аниқ мисолларга мурожаат қилайлик.

 

Архив ҳужжатларига таяниб айтиш мумкинки, у фронтга озиқ-овқат, хусусан, гўшт жўнатиш учун Хуросондаги барча бозорлар, кушхоналар ва дўконларни шахсан ўзи кезиб чиққан. Кўпчилик чорвадорлар ва қассоблар “Абдуқодирбой”ни яхши танигани учун улар билан ишончли шартномалар тузиш имкониятига эга бўлган. Жумладан, юз мингдан ортиқ қўй, ўн мингдан зиёд қорамол харид қилинади ва гўшти фронтга жўнатилади. Айни пайтда, 1943 йили почапўстин тикишни йўлга қўяди. Шундай қилиб, ўн мингдан ортиқ иссиқ кийим Боку орқали Кавказ фронтига юборилади. Айни пайтда, разведкачимиз иттифоқчи давлатлар – АҚШ ва Англия томонидан Совет Иттифоқига жўнатилаётган қурол-яроғ, ҳарбий техника, озиқ-овқат ва хомашёнинг Ҳиндистон билан чегарадош Зоҳидон шаҳри орқали Ғарбий фронтга ўз вақтида ўтказиб юборилишни тўла назорат қилиб борган.

 

Ибрат мактаби

 

“Ватан учун жон фидо!» деган шиорни ўзининг бир умрлик дастури деб билган Шариф Ширинбоев ана шундай жасур разведкачи, садоқатли ва заҳматкаш инсон эди, — дейди Худойберди ака Соҳибов. — “Давлат хавфсизлиги органларининг хизмат кўрсатган ходими” фахрий унвони, “Қизил юлдуз” ордени, “Жанговар хизматлари учун”, “Германия устидан ғалаба учун”, “Кавказ мудофааси учун” каби кўплаб орден-медаллар ва бошқа юксак давлат мукофотларига сазовор бўлгани бунинг ёрқин далилидир.

 

Шариф Ширинбоевнинг номи махфий хизматларнинг камдан-кам ходимигагина насиб этадиган эътироф — энг моҳир разведкачилар рўйхатидан жой олган.

 

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари, жумладан, миллий разведкачиларимизнинг бундай жасоратларга тўла ҳаёти ва фаолияти барча юртдошларимизни, айниқса, ёш авлодни ватанпарварлик, мустақил Ватанимизга садоқат, мардлик руҳида тарбиялашда ибрат мактабидир. Улар ҳақида ҳар қанча ёзилса, фильмлар суратга олинса, телекўрсатувлар тайёрланса, арзийди. Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, жангоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда юртини, халқини унутмаган ёши улуғ юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш барчамизга фахр-ифтихор бағишлайди.

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 23 октябрда қабул қилинган “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарори халқимизнинг фашизмга қарши курашдаги метин иродасини, уруш ортидаги фидокорона меҳнатини, тарихий хизматларини абадийлаштириш ҳамда ёш авлодни ота-боболаримиз жасоратига муносиб руҳда тарбиялаш, ўғил-қизларимизнинг онгида тинчликни асраб-авайлаш, бугунги дориламон кунларнинг қадрига етиш туйғусини мустаҳкам қарор топтиришда муҳим омил бўлаётир.

 

Хизматимизнинг тажрибали ходимлари томонидан нашрга тайёрланган “Афсонавий разведкачи” китоби мутолаасеварлар учун шу кунларда яхши совға бўлиш билан бирга, бу борадаги хайрли ишларга муносиб ҳисса сифатида қўшилади, деган умиддамиз”.

 

Мамлакатимизда кенг нишонланаётган Хотира ва қадрлаш кунида халқимизнинг Шариф Ширинбоев сингари мард ва садоқатли фарзандларининг душман орасида, жанггоҳларда ва фронт ортида кўрсатган беқиёс қаҳрамонликларини фахр билан ёдга олиб, моҳи Рамазонда руҳи покларига атаб дуолар қиламиз.

 

Қулман ОЧИЛ

Манба: “Ҳуррият” газетаси.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур