САЙЛОВ СОҲАСИДАГИ ҚОНУНЧИЛИКНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ

27.01.2023

2484

msk_yangiliklari_in

Мамлакатимиз сайлов тизими миллий қадриятларимизга таянилган ҳолда халқаро андозаларга асосланиб, шунингдек, хорижий мамлакатлар қонунчилиги ва амалиётини ўрганиш ҳамда мустақиллик йилларида мамлакатимизда ўтказилган сайловлар тажрибасининг таҳлили натижасида такомиллашиб бормоқда. Бунда умумеътироф этилган принципларга амал қилган ҳолда эришилган ютуқлардан унумли фойдаланиш орқали менталитетимизга хос миллий хусусиятларни янада мустаҳкамлаб бориш тенденцияси кузатилмоқда.

 

Мамлакатимиз сайлов тизими миллий қадриятларимизга таянилган ҳолда халқаро андозаларга асосланиб, шунингдек, хорижий мамлакатлар қонунчилиги ва амалиётини ўрганиш ҳамда мустақиллик йилларида мамлакатимизда ўтказилган сайловлар тажрибасининг таҳлили натижасида такомиллашиб бормоқда. Бунда умумеътироф этилган принципларга амал қилган ҳолда эришилган ютуқлардан унумли фойдаланиш орқали менталитетимизга хос миллий хусусиятларни янада мустаҳкамлаб бориш тенденцияси кузатилмоқда.

 

Сайлов жараёни бутун дунёда эътироф этилган энг муҳим конституциявий -сиёсий муносабатлардан бири бўлиб, у фуқароларга давлат ҳокимияти органларига ўз вакилларини сайлаш имкониятини яратиб беради. Зеро, фуқароларнинг ўз сайлов ҳуқуқларини ҳеч тўсқинликсиз амалга оширишлари, уларнинг давлат бошқарувидаги иштирокининг энг муҳим кафолатларидан биридир.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Sh.M.Mirziyoyev таъкидлаб ўтганларидек, “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтган бу кампания мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги ғоят муҳим воқеадир. Конституциямизга мувофиқ, фуқаролар давлат ва жамият ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга. Сайловда ўзига маъқул бўлган номзод ёки бирон-бир партия илгари сураётган дастур учун овоз бериш, уларни қўллаб-қувватлаш вакиллик демократиясининг яққол кўринишидир”.

 

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 21-моддасида: “Ҳар бир инсон бевосита ёки эркин сайланган вакиллари воситаси орқали ўз мамлакатини бошқаришда қатнашиш ҳуқуқига эга. Ҳар бир инсон ўз мамлакатида давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эга. Халқ иродаси давлат (ҳукумат) ҳокимиятининг асоси бўлиши лозим. Бу ирода даврий ва сохталаштирилмаган, ялпи ва тенг сайлов ҳуқуқидан, яширин овоз бериш йўли билан ёки овоз бериш эркинлигини таъминлайдиган бошқа тенг қийматли шакллар воситасида ўтказиладиган сайловларда ўз аксини топиши лозим”лиги қатъий белгилаб қўйилган.

 

Энди, ушбу ноёб, умумеътироф этилган инсонпарвар халқаро ҳуқуқ нормалари бизнинг миллий қонунчилигимизда қай даражада акс этганлигига эътибор қаратамиз.

 

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади.

 

Иккинчидан, Конституциянинг 117-моддасига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар”.

 

Учинчидан, Конститусиясининг 18-моддасига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқейидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”.

 

Тўртинчидан, Сайлов кодексининг 7-моддасига мувофиқ, “Сайловда эркин ва яширин овоз берилади. Сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмайди. Яширин овоз бериш сайловчининг хоҳиш-иродаси устидан ҳар қандай тарзда назорат қилиш имкониятини истисно этадиган тегишли шароитларни яратиш орқали таъминланади”.

 

Бешинчидан, Сайлов кодексининг 8-моддасига мувофиқ, “Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора амалга оширади. Сайлов комиссиялари фуқароларни ўз иши тўғрисида, сайлов округлари, участкалари тузилганлиги ҳақида хабардор этади, сайловчиларнинг рўйхатлари, сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг рўйхати билан таништиради, овоз бериш ва сайлов якунлари ҳақидаги маълумотларни маълум қилади.

 

Оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг боришини ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб боради. Сайлов комиссияларининг мажлислари очиқ ўтказилади. Сайлов комиссияларининг қарорлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади ёки Сайлов кодексида белгиланган тартибда ҳаммага маълум қилинади. Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиш ҳуқуқига эга”.

 

Шу каби халқаро ҳуқуқда умумеътироф этилган, Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари ва қадриятларига зид бўлмаган нормаларнинг миллий қонунчилигимизда акс этганлигини кўплаб мисоллар орқали ёритиш мумкин. Зеро, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида белгиланган асосий қоидаларни миллий қонунчиликка тўлиқ имплементация қилган.

 

2019 йил 22 декабрда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари сайловлари “Янги Ўзбекистон. Янги сайловлар” шиори остида юқори савияда уюшқоқлик билан бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, ҳудудларда ташкил этилган барча даражадаги сайлов комиссиялари томонидан ўз фаолиятларида мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик принципларига қатъий амал қилган ҳолда сайловни очиқ ошкора, миллий қонунларимиз, бой тажрибамиз ва умумеътироф этилган халқаро стандартлар талабларига мос равишда юқори савияда ташкил этилди ва ўтказилди. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, вазирлик ва идоралар, давлат ва нодавлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари ўз ваколатлари доирасида барча даражадаги сайлов комиссиялари ишига яқиндан кўмак бердилар.

 

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Sh.Mirziyoyevning 2018 йил 6 ноябрдаги ПҚ-4004-сонли Қарорида сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш, шунингдек, фуқаролар конституциявий сайлов ҳуқуқларини амалга оширилишини таъминлаш бўйича умумеътироф этилган халқаро принциплар ва стандартларни ҳисобга олган ҳолда, сайлов тизими ва қонунчилигини босқичма-босқич либераллаштириш Ўзбекистон Республикаси сайлов тизимини янада такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланди.

 

Мустақил давлатимиз тарихида Президентимиз ташаббуслари билан илк бора Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексини қабул қилиш мақсадларидан бири ҳам айнан замонавий халқаро сайлов стандартларини ҳисобга олган ҳолда сайлов тизимининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш эди.

 

Юқоридаги Қарорга асосан Марказий сайлов комиссияси таркибида Сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича ўқув маркази ташкил этилди. Миллий сайлов қонунчилигининг умумеътироф этилган халқаро принциплари ва стандартларига мувофиқлигини тизимли равишда мониторинг қилиб бориш мазкур марказнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

 

Эркин ва адолатли сайловлар мезонлари тўғрисидаги Декларациянинг 4-бандида доимий ҳақиқий эркин ва адолатли сайловлар ўтказиш учун халқаро ҳуқуқий мажбуриятларга мувофиқ равишда давлатлар ҳуқуқларни кафолатлашни таъминлаш мақсадида қонунлар қабул қилишлари ва бошқа чораларни кўрмоқликлари лозимлиги белгиланган. Сайлов кодекснинг қабул қилиниши ҳам мамлакатимизни айнан мазкур талабни оғишмай, изчиллик билан бажарганидан далолатдир.

 

Халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда сайловга оид стандартлар, энг асосий принцип ва қоидалар сифатида умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи, яширин овоз бериш йўли билан сайлаш, эркин ва адолатли, ҳақиқий сайлов ўтказиш ва шу кабилар белгиланган.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Сайлов кодексида фуқароларни давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга эканликлари, ҳар бир сайловчи бир овозга эгалиги, овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланиши белгилаб қўйилган.

 

Асосий қонунимизга мувофиқ сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар.

 

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексининг 4-моддасига асосан фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқейи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадир.

 

Сайлов кодексида “битта сайловчи-битта овоз” тамойилини амалга оширишни таъминлайдиган Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатига оид қоидалар белгиланди.

 

Халқаро стандартларда давлатлар миллий қонун чиқарувчи органнинг ҳеч бўлмаса бир палатасидаги ҳамма мандатлар умумхалқ сайлови жараёнида номзодлар эркин тортишувининг объекти бўлишига йўл қўйишлари лозимлиги белгиланган.

 

Шу маънода Сайлов кодексимиздаги энг катта янгиликлардан бири бу – сиёсий майдон тўлиқ сиёсий партияларга берилиши, Экологик ҳаракатга қўйилган квота чиқариб ташланганида намоён бўлди. Сиёсий партиялар Қонунчилик палатасига бўлиб ўтадиган сайловда 135 эмас, балки тўлиқ 150 та сайлов округида номзодларини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлдилар, бу эса миллий қонун чиқарувчи органнинг битта палатасидаги барча мандатлар умумхалқ сайлови жараёнида номзодлар эркин тортишувининг объекти бўлишини таъминлади.

 

Халқаро стандартларда ҳар бир иштирокчи-давлатлар аёлларга эркаклар билан бир хил шароитларда ҳеч бир камситишсиз сайловларда овоз бериш ҳуқуқи ва очиқдан-очиқ сайланадиган органларга сайланиш ҳуқуқи таъминлашлари лозимлигига оид талаблар белгиланган.

 

Конституциямизнинг 46-моддасига кўра хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президенти Sh.Mirziyoyevning ташаббусларига кўра 2019 йил 2 сентябрда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Ушбу қонуннинг 4-боби алоҳида “Сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари”га бағишланган. Унга кўра хотин-қизлар ва эркаклар ҳокимият вакиллик органларига сайлаш ва сайланишда тенг ҳуқуқларга эга. Сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланди.

 

Агар авваллари қонунларда фақат Марказий сайлов комиссиясига нисбатан фаолиятининг ҳуқуқий асослари, мустақиллик, очиқлик принциплари, фаолиятига аралашмаслик кабилар қайд этилган бўлса, эндиликда Сайлов кодексида барча сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органларидан, жамоат бирлашмаларидан ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга ошириши белгилаб қўйилди.

 

Авваллари маҳалладан кузатувчилар иштирок этиши назарда тутилмаган эди. Янги Сайлов кодексига кўра фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар барча сайловларда қатнашиши мумкинлиги қайд этилди. Бу сайловлар устидан фуқаролик кузатувини, шаффофликни таъминлашга, сайлов жараёнига жамоатчилик ишончини ошишига омил бўлиб хизмат қилди.

 

Юқорида баён этилган фикрларнинг барчаси миллий сайлов қонунчилигимиз асосий халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлардаги умум эътироф этилган сайлов принциплари ва стандартлари талабларига мувофиқ келишидан, фуқароларнинг давлат вакиллик органларига сайлаш ва сайланиши билан боғлиқ конститусиявий ҳуқуқларини амалга оширилиши учун мустаҳкам кафолатлар белгилаб қўйилганидан далолат беради.

 

Шу билан биргаликда бўлиб ўтган сайловлар миллий сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш, бўшлиқларни тўлдиришга эҳтиёж мавжудлигини кўрсатди. Зеро, сайлов жараёни, демократлаштириш жараёнлари замон билан ҳамнафас бўлишни, хорижий ва халқаро тажрибани ўқиш ўрганишни, орттирилган миллий тажрибадан янада унумлироқ фойдаланган ҳолда сайлов қонунчилиги ва амалиётини йилдан йилга такомиллаштириб, демократлаштириб боришни талаб қилади.

 

Ушбу талабга кўра, Марказий сайлов комиссияси бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари, халқаро кузатувчилар ва маҳаллий экспертлар, сайловчилар томонидан билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда “Сайлов – 2019: ютуқлар, муаммолар, таклифлар” номли ахборот тарзидаги рисола тайёрланди. Ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланган рисола 5 та бўлим, 24 та бобдан иборат бўлиб, унда 2019 йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий вакиллик органлари сайловларига тайёргарлик кўриш, ўтказиш ва натижаларини эълон қилиш билан боғлиқ босқичлар батафсил таҳлил қилинган. Шу билан бирга рисолада эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар ва уларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилган.

 

Бугунги кунда миллий сайлов қонунчилигимизни такомиллаштириш, уни умумеътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ва амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар билан уйғунлаштириш, мамлакатимизнинг сиёсий нуфузини янги босқичга кўтариш, халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини янада яхшилаш асосий вазифалардан бири ҳисобланади.

 

Жумладан, Сайлов кодексининг 25-моддасида назарда тутилган “Участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмас”-деган норма талабини Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда, дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузиладиган участка сайлов комиссиялари учун қўлламаслик ҳақидаги нормани ўрнатиш;

 

сайлов комиссиялари уч босқичли тизимини муқобиллаштириш, яъни халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларини тугатиб, уларнинг ваколатларини туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юклаш орқали, улар таркибини ўн бир нафардан йигирма бир нафарга қадар кенгайтириш;

 

хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар сайловчилар рўйхатига киритиш тартибини, шунингдек чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутиларда овоз бериш, яъни сайловчиларга овоз беришда қулайлик яратиш мақсадида сайлов участкасидан ташқаридаги ҳудудларда овоз беришнинг ҳуқуқий асосларини Сайлов кодексида мустаҳкамлаш;

 

сайловолди ташвиқоти доирасида оммавий тадбирларни ўтказиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан рухсат олиш тартиби ўрнига ҳокимликларни тадбирга муайян муддат қолганида хабардор қилиш орқали, оммавий тадбирларни ўтказиш амалиётини жорий этиш мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимиз миллий тараққиётининг ҳозирги босқичида турли соҳаларда бўлгани каби миллий сайлов қонунчилигини ҳам халқаро стандартларга мувофиқ ва миллий тажрибага мос тарзда янада такомиллаштириш тараққиётга хизмат қилади.

 

Худоёр Маматов,

Юридик фанлари доктори, профессор

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур