ПРЕЗИДЕНТЛИККА НОМЗОДГА ҚУЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР: ЎЗБЕКИСТОННИНГ МИЛЛИЙ САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ ВА ХАЛҚАРО СТАНДАРТЛАР

20.03.2023

8946

msk_yangiliklari_in

Мамлакатимизда давлат ва жамиятни модернизация қилишга йўналтирилган туб ислоҳотларнинг устувор вазифалари ва асосий йўналишларидан бири – инсон ҳуқуқларини ҳар томонлама ва кенг таъминлашдан иборат.

 

Амалга оширилаётган тизимли ва дадил ислоҳотлар самарасида миллий сайлов қонунчилиги ва амалиёти демократик талаблар ва умумеътироф этилган халқаро стандартларга уйғунлаштирилиб, фуқаролар ўз хоҳиш-иродасини янада фаолроқ ва эркинроқ ифода этиши учун кафолатлар кенгайтирилмоқда.

 

Сўнгги беш йилда эркин ва адолатли сайловларнинг қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, такомиллаштириш ва ривожлантириш борасида улкан амалий тажриба тўпланди. Бу Президент сайлови билан боғлиқ қонунчилик нормалари ва талабларида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топган.

 

Халқаро талаблар ва миллий қонунчилик

 

Конституциямизнинг 1-моддасига асосан Ўзбекистон — суверен демократик республика. Демократик республикада давлат ҳокимияти органлари, хусусан, Президент даврийлик асосида ўтказиладиган сайловларда муайян муддатга сайланади.

 

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 21-моддасида, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 25-моддасида даврийлик принципи асосда сайловлар ўтказиш, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Инсонийлик мезонлари бўйича конференциясининг Копенгаген кенгаши ҳужжатининг 7.1, 7.7-бандларига асосан халқ иродаси давлат ҳокимиятининг асоси бўлиб хизмат қилиши учун иштирок этувчи давлатлар қонунда белгиланганидек оқилона вақт оралиғида эркин сайлов ўтказиши белгиланган. Европа Кенгашининг Венеция комиссияси томонидан қабул қилинган Сайловларга оид йўл йўриқ тамойилларда ҳам сайловлар даврийлик принципи асосда мунтазам ўтказилишига оид тамойил белгиланган. Яъни оқилона вақт оралиғида сайлов ўтказиш — демократиянинг муҳим белгиси.

 

Шу маънода, мамлакатимизда ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти беш йил муддатга сайланади. Ушбу беш йиллик муддат жаҳондаги умумий тенденцияга мос бўлиб, БМТга аъзо 193 мамлакатдан 95 тасида давлат раҳбарлари 5 йил муддатга сайланади. Франция, Германия, Венгрия, Греция, Ҳиндистон, Словакия, Словения, Жанубий Корея каби мамлакатларни бунга мисол келтириш мумкин.

 

Миллий қонунчилигимизда Президентликка номзодларга қўйиладиган талаблар жаҳон стандартларига тўла мос. Сайловларга оид йўл йўриқ тамойилларда умумий сайлов ҳуқуқи муайян шарт-шароитларга кўра чекланиши мумкинлиги қайд этилади. Бундай чекловлар сифатида ёш, фуқаролик, мамлакат ҳудудида муайян вақт яшаш муддати (ўтроқлик), жиддий ҳуқуқбузарлик учун ҳукм қилинганлик кабилар кўрсатиб ўтилган.

 

Конституциявий қурилишнинг халқаро амалиётида давлат раҳбарининг ваколат муддатини чеклаш институти мавжуд.

 

Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Президент бўлиши мумкин эмаслигига оид қоида биринчи марта дунё конституционализмида АҚШ Конституциясига йигирма иккинчи тузатиш билан 1947 йил 21 мартда киритилган.

 

Жаҳонда давлат раҳбарлари ваколат муддатларини чеклашнинг беш тури бўлиб, улар:

 

умуман чекловнинг йўқлиги: Озарбайжон, Беларус, Боливия, Исландия, Италия, Кипр, Коста-Рика (чекловчи қоидалар йўқ), Венесуэла (чексиз қайта сайланиш учун махсус рухсат берувчи қоидалар мавжуд);

 

узлуксиз муддатларни чеклаш (максимал муддатни ўрнатмасдан): Перу, Сан-Марино, Уругвай, Чили, Швейцария;

 

муайян муддатни ўрнатиш (икки муддат): Албания, Жазоир, Венгрия, Греция, Ирландия, Косово, Македония, Полша, Португалия, Руминия, Сербия, Тунис, Туркия, АҚШ, Хорватия, Черногория, Жанубий Африка;

 

муайян узлуксиз муддатни белгилаш (икки муддат): Австрия, Аргентина, Арманистон, Болгария, Босния ва Герцеговина, Бразилия, Германия, Грузия, Исроил, Қозоғистон, Латвия, Литва, Молдова, Россия, Словакия, Словения, Украина, Финляндия, Франция, Чехия, Эстония;

 

қайта сайланишнинг тўлиқ тақиқланиши: Жанубий Корея, Малта, Мексика.

 

Ўзбекистон қонунчилигида қайд этилган узлуксиз муддатларни белгилаш (икки муддат) тури мустаҳкамланган.

 

Демократик институтларга асосланган бу қоида мафкуралар ва фикрлар хилма -хиллигини, сиёсий плюрализмни, ҳокимиятни суиистеъмол қилишнинг олдини олиш, ўзаро тийиб туриш ва мувозанат тизимининг самарали ишлашини, давлат ҳокимияти тузилмаларининг ваколатлари мувозанатини ва ниҳоят, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим конституциявий кафолати ҳисобланади.

 

Сиёсий-ҳуқуқий адабиётларда сайланиш ҳуқуқи пассив сайлов ҳуқуқи деб номланади. Сайлов кодексининг 61-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзодлар – пассив сайлов ҳуқуқи талабгорлари қуйидаги тўрт талабга жавоб беришлари шарт:

 

биринчидан, ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаслиги (ёш цензи);

иккинчидан, давлат тилини яхши билиши (тил цензи);

учинчидан, бевосита сайловгача камида ўн йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган бўлиши (ўтроқлик цензи);

тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши (фуқаролик цензи).

Конституцияда номзодларга бундай талабларнинг қўйилиши бежиз эмас, албатта.

 

Масалан, Сайлов кодексининг 4-моддасида мустаҳкамланган умумий сайлов ҳуқуқининг муҳим принципи — номзод ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаслиги талабидир. Яъни, сайлов куни ўттиз беш ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси президент лавозимига сайланиш ҳуқуқига эга. Aйнан мана шу ёшда инсон аниқ фуқаролик ва сиёсий позицияларга, зарур ҳаётий тажрибага, жамиятда маълум эътиборга ва обрўга эга бўлган шахс сифатида ҳар томонлама шаклланади.

 

Хорижий мамлакатлар қонунларида Президентликка сайланувчиларнинг ёши турлича: Колумбияда 30 ёшдан, Австрия, АҚШ, Бразилия, Мексика, Чили, Кипр, Индонезия, Исландия, Ҳиндистон, Полша, Россия, Португалияда 35 ёшдан, Арманистон, Чехия, Эстония, Германия, Ироқ, Молдова, Покистон, Жанубий Корея, Филиппинда 40 ёшдан, Италияда эса 50 ёшдан этиб белгиланган.

 

Тил билган – эл билади

 

Конституциямизга мувофиқ фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқейи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадир.

 

Шу билан бирга, президентликка номзод давлат тилини яхши билиши талаби белгиланган. Ва бу тўла асосланган чинакам демократик талаб. Маълумки, давлат тили жамият ва миллатнинг асосий рамзи ҳисобланади. Президентликка номзод ўз мамлакати фуқароларининг дунёқарашини, тафаккурини, халқининг орзу-умидларини яхши англайдиган ва бундай интилишларни давлат фаолиятида амалга ошира оладиган шахс бўлиши керак.

 

Шу боис Президент бўладиган шахс халқ билан эркин мулоқот қила олиши, ўз фикрини аҳолига тушунарли тильда баён этиши, давлат тилида ёзилган ҳужжатлар билан мустақил ишлаш имкониятига эга бўлиши керак.

 

Номзодларга тилни билиш бўйича талаб МДҲга аъзо олтита давлат (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон, Туркманистон, Украина) конституцияларида қайд этилган.

 

Халқ билан ҳамнафаслик

 

Ўтроқлик цензи ҳақида. Маълумки, Конституция ва Сайлов кодексида шундай талаб қўйилганки, унга кўра, бевосита сайловгача камида 10 йил республика ҳудудида муқим яшаган Ўзбекистон фуқароси президентликка номзод бўлиши мумкин.Нега айнан камида ўн йил деган саволга жавоб шуки, энг аввало, мамлакат президенти тақдири ва ҳаёти ўз халқининг тақдири ва ҳаёти билан узвий боғлиқ бўлган шахс бўлиши лозим. Ўн йил – бу бир одам учун халқ билан ҳамнафас яшаши, мамлакат ва унинг минтақаларининг ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожланишининг аҳволи ва истиқболларини яхши билиши учун етарли давр. Қолаверса, 10 йил — бу сайловчилар учун номзод билан яқиндан танишиш ва унинг амалий ишлари асосида эркин танлов қила олиш учун зарур давр. Шуни ҳам айтиш керакки, 10 йиллик ўтроқлик цензи — бу кўплаб демократик мамлакатларнинг сайлов амалиётида энг кўп қўлланиладиган муддат ҳисобланади.

 

АҚШ Конституциясига биноан, президентлик сайлови пайтида, AҚШ Президенти лавозимига номзод 35 ёшда ёки ундан катта, AҚШда туғилган ҳамда у ерда сўнгги 14 йил ичида доимий яшаган бўлиши шарт.

 

Давлат иши ва сиёсий ҳуқуқлар

 

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши керак деган талабга тўхталиб ўтсак. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасига мувофиқ жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига фақат Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари эга. Бу борада фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳам фаол ҳуқуққа, яъни сайлаш ҳуқуқига, ҳам пассив ҳуқуқига, яъни сайланиш ҳуқуқига эга.

 

“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида фуқаролик шахснинг давлат билан ўзаро ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги йиғиндисида ифодаланадиган ҳамда инсон қадр-қиммати, асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини эътироф этиш ҳамда ҳурмат қилишга асосланадиган доимий сиёсий-ҳуқуқий алоқасини белгилайди.

 

Айрим мамлакат­ларда фақат туғилиш орқали фуқароликка эга бўлган шахсларгина Президент бўлиб сайланиши мумкин. АҚШ, Колумбия, Мўғулистон, Филиппин, Финляндия шундай мамлакатлар сирасидан. Бу мамлакатларда фуқароликка кейинчалик эга бўлганлар Президентликка сайланиш ҳуқуқига эга эмаслар.

 

Маънавий-ҳуқуқий талаб

 

Шунингдек, Сайлов кодексининг 61-моддасига мувофиқ қасддан содир этилган жинояти учун илгари судланган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинмайдилар.

 

Халқаро ҳуқуқ амалиётида бу қоидага, биринчи навбатда, маънавий-ҳуқуқий талаб сифатида қаралади. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозими ғоят юксак мақомга эга. Бу шахс юрт тақдири, шу мамлакатда ҳаёт кечираётган миллионлаб одамларнинг фаровон ҳаёти учун масъулдир. Шунинг учун номзод муносиб хулқ-атвори, интизоми, масъулияти, оддий ҳаётда ҳам, кундалик ҳаётда ҳам, давлат фаолиятида ҳам қонунга бўйсунишда барчага намуна бўлиши керак.

 

Шуни таъкидлашни истардимки, бу талаб халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган нормалари ва тамойилларига, демократик мамлакатларнинг сайлов амалиётига тўлиқ жавоб беради.

 

Давлат раҳбарининг умумий ва тўғридан — тўғри сайлови кўзда тутилган Австрия, Озарбойжон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Кипр, Молдова, Туркия, Тожикистон каби мамлакатларда конституциялар ва қонун ҳужжатларида жиноят содир этганлик, шу жумладан оғир, ўта оғир ёки ҳарбий жиноятлар учун ҳукм қилинганларнинг, судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки олиб ташланмаган шахсларнинг сайланиш ҳуқуқини чеклаш белгиланган.

 

Мамлакат конституциявий қонунчилигида президентликка номзодга нисбатан бошқа талаблар ҳам бор

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 61-моддасига кўра, диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган, шу сабабли диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари номзод этиб рўйхатга олинмайди. Шунингдек, давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмагани каби диний ташкилотлар ва уларнинг хизматчилари ҳам давлат сиёсатига аралашмайди.

 

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг динга эътиқод қилиш, ибодат, расм-русумлар ва маросимларни биргаликда адо этиш мақсадида тузилган кўнгилли бирлашмалари (диний жамиятлар, диний ўқув юртлари, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқалар) диний ташкилотлар деб эътироф этилади.

 

Диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари — диний ташкилотларда меҳнат шартномалари (контрактлари) бўйича ишлаётган фуқаролардир. Улар ўз хизмат вазифасига кўра ибодат, расм-русумлар ва маросимларни адо этиш билан махсус шуғулланадилар. Бундай шахсларнинг номзод этиб рўйхатга олинмаслиги улар эгаллаб турган касбнинг ўзига хослигидан келиб чиқади.

 

Бундан диний хизматчиларнинг ҳуқуқлари бузилган деб ҳисобламаслик керак. Чунки шахс агар президентликка сайланмоқчи бўлса, эгаллаб турган лавозимидан бўшаши лозим ва шундан кейин номзод этиб рўйхатга олиниши мумкин.

 

Таъкидлаш жоизки, шунга ўхшаш ва бошқа бир қатор чекловли талаблар бошқа демократик мамлакатлар қонунчилигида ҳам мавжуд.

 

Масалан, номзод икки фуқароликка эга бўлмаслиги ва шу билан бошқа давлат олдидаги сиёсий мажбуриятлари бўлмаслиги белгиланмоқда.

 

Баъзи араб давлатларида номзодларга келиб чиқиши ҳам шу давлатдан бўлиши, номзоднинг ота-онаси ҳам шу юртда туғилган бўлиши, турмуш ўртоғи ҳам шу давлат фуқароси бўлиши, мамлакат ҳаётидаги у ёки бу муҳим воқеада қатнашганлигини ҳужжатлар билан тасдиқлаши, кўчар ва кўчмас мол-мулки ҳақидаги декларациясини тақдим этиши, феъл-атвори яхши бўлиши, муайян динга эътиқод қилишига оид талаблар белгиланган.

 

Мўғулистонда президентлик сайлови пайтида номзоднинг катта қарзи бўлмаслиги керак, шу жумладан, кредит ва солиқ қарзлари даромадидан ошиб кетмаслиги керак (суд қарори билан белгиланади). Шу билан бирга, Руминияда конституция ва сайлов қонунчилиги президент сайловида иштирок этиш учун бошқа чекловларни ҳам белгилаб қўйган: сиёсий партияларга аъзо бўлиши тақиқланган шахслар президент сайловида иштирок этишига рухсат этилмайди.

 

Бундан ташқари, Туркияда давлат раҳбари лавозимига судьялар, давлат хизматчилари ва қуролли кучлар вакиллари сайлана олмайдилар. Сайловда иштирок этиш учун улар ўз лавозимларини тарк этишлари лозим. Мексикада эса президентликка номзод сайловдан камида 6 ой аввал давлат котиби ёки унинг ўринбосари, бош прокурор, губернатор сифатида фаолият олиб бормаган бўлиши керак.

 

Хулоса ўрнида шуни қайд қилиш лозимки, юртимизда сайлов қонунчилиги ва амалиёти, жумладан, президентликка номзодларга қонун йўли билан қўйилган талабларнинг барчаси умум эътироф этилган демократик мезонлар ва стандартларга тўла жавоб беради.

 

Гулноза РАҲИМОВА,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг

доимий аъзоси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур