ЎЗБЕКИСТОН САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ ЯНАДА ХАЛҚЧИЛ ВА ДЕМОКРАТИК НОРМАЛАР БИЛАН БОЙИТИЛМОҚДА

13.10.2023

2296

msk_yangiliklari_in

МУНОСАБАТ

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси (ID-87283)  жорий йил 10 октябрь куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.gov.uzжойлаштирилди. 

 

Ушбу Конституциявий қонун лойиҳасида иккита муҳим масалага алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 129-моддасига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси бошчилик қиладиган марказлашган сайлов комиссияларининг вертикал тизимини ташкил этиш, иккинчидан, мамлакат сайлов тизимига аралаш (мажоритар, пропорционал) сайлов шаклини жорий этиш ва шу орқали Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловини аралаш  сайлов тизими асосида ўтказишни назарда тутувчи янги ва демократик нормаларни мамлакатимиз сайлов қонунчилиги ва амалиётига татбиқ этиш назарда тутилган.

 

Сўнги йилларда мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг янги тараққиёт босқичида сайлов қонунчилиги ва амалиётига жорий этилиши назарда тутилган ушбу Конституциявий қонун лойиҳасида акс этган ҳар иккала масаланинг ҳам ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга эканлигини эътироф этган ҳолда, ушбу мақоламизда биринчи масала, яъни Марказий сайлов комиссияси бошчилик қиладиган марказлашган сайлов комиссияларининг вертикал тизимини ташкил этишнинг аҳамияти ва зарурати ҳақида фикр билдиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисобладик.  

 

Демак, сайлов комиссиялари тизими такомиллаштирилиб, бундан буён мамлакатимизда сайлов комиссиялари тизимини –– Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий сайлов комиссиялари, туман/шаҳар сайлов комиссиялари, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари, шунингдек участка сайлов комиссиялари ташкил этиши ҳамда ушбу вертикал тизимга Марказий сайлов комиссияси бевосита бошчилик қилиши белгиланмоқда.

 

2023-йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Референдумида умумхалқ овоз бериши орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 129-моддасида, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг референдумини ташкил этиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан фаолиятининг асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлиликдан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тузилиши, шунингдек Марказий сайлов комиссияси сайлов комиссиялари тизимига бошчилик қилиши, ўз фаолиятини доимий асосда амалга ошириши ҳамда ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига амал қилиши қатъий белгилаб қўйилди.

 

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, муҳокамага тақдим этилган Конституциявий қонун лойиҳасида назарда тутилган, Сайлов кодекси ва референдумга оид қонунга киритилаётган мамлакатда марказлашган сайлов комиссияларининг вертикал тизимини жорий этишга қаратилган ўзгартиришлар янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг нормаларини сайлов ва референдум қонунчилигига жорий этиш орқали, мавжуд бўшлиқларни тўлдириш ва тафовутларни бартараф этишга қаратилганлиги билан аҳамият касб этади.

 

Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари ва экспертларидан иборат ишчи гуруҳлари томонидан 2022 — 2023-йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Халқ депутатлари вилоят (туман/шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи сайлов комиссиялари томонидан Сайлов кодекси нормаларининг бир хилда қўлланилишини, маҳаллий Кенгашларнинг бўшаб қолган ўринларига сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш амалиётини, шунингдек, сайлов жиҳозларининг сақланиш ҳолатини” мониторинг қилиш мақсадида ўтказилган ўрганишларида айрим камчиликлар, жумладан сайлов қонунчилигини амалиётда қўллашда жойларда турлича ёндашув шаклланганлиги, ягона намунадаги сайлов ҳужжатлари йўқлиги, уларни шакллантириш, юритиш ва сақлаш амалиётида ҳам турлича ёндашувлар мавжудлиги аниқланди.

 

Марказлашган сайлов комиссияларининг вертикал тизими жорий этилиши натижасида, сайлов комиссиялари ва бошқа ташкилотчилар томонидан келгусида барча босқичдаги сайловларни ташкил этиш ва ўтказишда миллий сайлов қонунчилигининг бир хилда қўлланилиши ва демократик сайлов стандартларига асосланган ягона сайлов амалиёти шаклланишида ижобий натижа беради ҳамда юқоридаги каби камчиликларни тубдан бартараф этиш имкониятини вужудга келтиради.

 

Яна бир янги норма, Марказий сайлов комиссияси доимий асосда фаолият юритувчи тўққиз нафар аъзодан иборат таркибда фаолият юритиши белгиланмоқда. 

 

Амалдаги Сайлов кодексининг 12-13-моддаларида Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан камида ўн беш нафар аъзодан иборат таркибда тузилиши, Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси ушбу комиссиянинг қарорига биноан комиссияда доимий асосда ишлаши мумкинлиги ва  Марказий сайлов комиссиясида доимий асосда ишловчи комиссия аъзоларининг сони кўпи билан етти кишидан иборат бўлиши белгиланган.

 

Юқоридаги норма талабига мувофиқ бугунги кунда, Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари Олий Мажлис палаталари томонидан 21 нафар аъзодан иборат таркибда тузилган бўлиб, уларнинг 7 нафари доимий асосда, 14 нафари жамоатчилик асосида фаолият юритиб келмоқда.

 

Жамоатчилик асосида фаолият юритаётган комиссия аъзолари турли вилоятларда давлат бошқарув органлари, олий таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларда раҳбар лавозимларида ишлаб келаётганликлари туфайли:

 

биринчидан, уларни сайлов ёки референдум кампанияси даврида Марказий сайлов комиссияси йиғилишлари, тадбирларига жалб этишда муайян қийинчиликлар туғилди;

 

иккинчидан, уларнинг ўзлари раҳбар бўлиб ишлаётган ташкилот ёки муассаса фаолиятини самарали ташкил этиш ва бошқаришга ҳам муайян даражада салбий таъсир қилиши мумкин;

 

учинчидан, Конституциямизга мувофиқ Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг асосий принципларидан бири бу – мустақиллик ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан қараганда комиссиянинг жамоатчилик асосида фаолият олиб борадиган аъзоларининг асосий иш жойи бошқа давлат органлари, ташкилотлари ёки муассасалари эканлиги демократик сайловларни ташкил этиш ва ўтказишда Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг мустақиллигини муайян даражада чекланишига олиб келади;

 

тўртинчидан, Сайлов кодексига асосан Марказий сайлов комиссияси зиммасига жуда муҳим вазифа ва ваколатлар юклатилган бўлиб, Комиссиянинг жамоатчилик асосидаги аъзолари ўртасида ушбу вазифаларнинг тақсимоти чекланган бўлиб, оқибатда бу муҳим вазифа ва ваколатлар ижросини таъминлаш масъулияти тўлиғича комиссиянинг доимий асосда фаолият юритадиган аъзолари зиммасига тўғри келади.

 

Қайд этилганларни инобатга олган ҳолда айтиш мумкин:

 

- Марказий сайлов комиссиясининг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи аъзолари институтининг тугатилиши ва марказлашган сайлов комиссияларининг вертикал тизими жорий этилиши;

 

- Марказий сайлов комиссиясига ҳудудларда ташкил этиладиган халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга ҳамда қуйи турувчи сайлов комиссиялари фаолиятига умумий бошчилик қилиш бўйича қўшимча вазифа ва ваколатларнинг юклатилаётганлиги ва шу муносабат билан Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзолари сони 7 нафардан 9 нафаргача кўпайтирилаётганлиги ва Комиссиянинг камида бир нафар аъзоси Қорақалпоғистон Республикаси вакили бўлишининг белгиланаётганлиги муҳим аҳамиятга эга бўлиб, амалиётда мавжуд камчиликларни бартараф этишга, шунингдек, энг муҳими, Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг профессионаллик даражаси янада юксалишига, тўлиқ мустақиллигининг таъминланишига, комиссия аъзолари ўртасида вазифаларнинг унумли тақсимланишига, пировард натижада, Комиссия фаолиятининг самарадорлиги ортишига ҳамда қабул қилинадиган қарорларининг янада мукаммал бўлишига хизмат қилади.

 

Қиёслаш учун хорижий давлатлар сайлов қонунчилиги ва амалиётига эътибор қаратилса, таҳлил этилган йигирмадан ортиқ хорижий давлатларда, жумладан, Молдовада 9 нафар, Латвияда 9 нафар, Қозоғистонда 7 нафар, Озарбайжонда 18 нафар, Украинада 17 нафардан иборат Марказий сайлов комиссияси тузилади ва доимий асосда фаолият олиб боради. Ушбу давлатлар ҳудудий сайлов комиссияларида 3 нафардан 5 нафаргача, туман/шаҳар сайлов комиссияларида 2-3 нафар комиссия аъзолари доимий асосда фаолият юритади. Марказий сайлов комиссияси барча даражадаги сайлов комиссиялари тизимига бошчилик қилади.

 

Сайлов кодекси 19-моддасига мувофиқ халқ депутатлари вилоят (шаҳар) Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича вилоят (шаҳар) сайлов комиссияси тузилиши белгиланган бўлиб, амалиётда ушбу нормага асосланиб, ҳар бири 15-21 нафардан иборат вилоятлар ва Тошкент шаҳар сайлов комиссиялари тузилган. Бу сайлов комиссиялари тегишлича халқ депутатлари вилоят ёки Тошкент шаҳар Кенгашлари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга масъул бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ёки Президент сайловларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Референдумига жалб этилмаган.

 

Бунинг учун қўшимча равишда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14 та округ сайлов комиссиялари тузилиб, уларга жами 266 нафар комиссия аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Референдумини ўтказувчи 14 та округ сайлов комиссиялари тузилиб, уларга ҳам жами 266 нафар комиссия аъзолари, шунингдек Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи 150 та округ сайлов комиссиялари тузилиб, уларга жами 1500 нафардан зиёд комиссия аъзолари жалб этилган.

 

Конституциявий қонун лойиҳаси билан таклиф этилаётган янги нормага мувофиқ, эндиликда:

 

биринчидан,  вилоятлар ва Тошкент шаҳар сайлов комиссиялари ўрнига, ҳар бир вилоятда ва Тошкент шаҳрида ҳудудий сайлов комиссиялари тузилиши белгиланмоқда. Ушбу сайлов комиссияларига, ўзлари жойлашган ҳудудда халқ депутатлари вилоят ёки Тошкент шаҳар кенгашларига сайловни ташкил этиш ва ўтказиш вазифаси билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Референдумини ҳам ташкил этиш ва ўтказиш ваколати берилмоқда;

 

иккинчидан, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Қонунчилик палатаси депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ ҳудудий сайлов комиссияларининг ваколатларини Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси амалга ошириши белгиланмоқда;

 

учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Референдумини ва Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича Округ комиссияларини тузиш амалиёти бекор қилинмоқда.

 

Бу пировард натижада, ушбу округ комиссиялари фаолиятига жалб этиладиган (икки минг нафарга яқин) комиссия аъзолари учун давлат бюджети маблағларидан сарфланадиган молиявий харажатларни, округ комиссияларини жойлаштириш учун алоҳида бинолар ажратиш, уларни зарур мебель, алоқа ва ахборот-коммуникация воситалари, транспорт билан таъминлаш харажатларини иқтисод қилиш ва инсон ресурсларидан мақсадли фойдаланиш имкониятини беради.

 

Қонун лойиҳасидаги яна бир муҳим янгилик, Ҳудудий сайлов комиссияларининг уч нафарга қадар аъзолари комиссияда доимий асосда фаолият олиб бориши белгиланмоқда. Сайлов кодексининг 20-моддасида ушбу Ҳудудий сайлов комиссиясининг 19 банддан иборат энг муҳим ваколатлари белгиланганлиги инобатга олинса ҳамда бу вазифаларнинг ниҳоятда масъулиятли эканлигига эътибор берилса, Ҳудудий сайлов комиссияларининг уч нафарга қадар аъзолари комиссияда доимий асосда фаолият юритсагина ушбу масъулиятли вазифаларни қонун талаблари асосида сифатли таъминлашига имконият яратилади, деб айтиш мумкин. Акс ҳолда, жамоатчилик асосида фаолият юритувчи таркиб билан бу мақсадларга эришиш, комиссия ишини сифатли ва самарали йўлга қўйиш имконсиз бўлар эди.

 

Қонун лойиҳасида марказлашган сайлов комиссиялари тизимини шакллантириш билан боғлиқ қуйидаги нормалар ҳам акс этган:

 

- Марказий сайлов комиссиясининг Раиси беш йиллик муддатга сайланиши, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Марказий сайлов комиссиясининг Раиси этиб сайланиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда;

 

- Марказий сайлов комиссиясининг, ҳудудий сайлов комиссияларининг, округ ва участка сайлов комиссияларининг ваколатлари аниқлаштирилмоқда;

 

- Туман, шаҳар сайлов комиссиясининг ваколатларини белгиловчи янги нормалар билан тўлдирилмоқда.

 

Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳасида назарда тутилган, мамлакатимизда марказлашган сайлов комиссияларининг вертикал тизимини шакллантиришга қаратилган нормалар халқаро сайлов стандартлари талабига, хорижий давлатларнинг илғор тажрибасига тўла мос келади ва ушбу долзарб нормаларнинг миллий сайлов қонунчилигида ўз аксини топиши, келгусида мамлакатимизда барча даражадаги сайловлар ва референдумни Конституция, сайлов ва референдумга оид қонунларга мувофиқ тарзда, юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишда ўзининг ижобий самарасини беради.

 

Худоёр Маматов,

Марказий сайлов комиссиясининг котиби,

Юридик фанлар доктори, профессор.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур