МАҲАЛЛА МEНИНГ ТАҚДИРИМДА: БЎЛАЖАК САЙЛОВЛАРДА ФУҚАРОЛАРНИНГ ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ ОРГАНЛАРИНИНГ ТУТГАН ЎРНИ ВА НУФУЗИ

25.01.2023

2268

msk_yangiliklari_in

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига тақдим қилган Мурожаатномада: “Келгуси йили мамлакатимизда Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашларга навбатдаги сайлов ўтказилади. Юртимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу сиёсий жараённи миллий қонунчилигимиз ва халқаро стандартлар асосида юқори савияда ўтказиш учун ҳар томонлама тайёргарлик ишларини бошлашимиз зарур”, деб таъкидлаган эди.

 

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига тақдим қилган Мурожаатномада: “Келгуси йили мамлакатимизда Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашларга навбатдаги сайлов ўтказилади. Юртимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу сиёсий жараённи миллий қонунчилигимиз ва халқаро стандартлар асосида юқори савияда ўтказиш учун ҳар томонлама тайёргарлик ишларини бошлашимиз зарур”, деб таъкидлаган эди.

 

2019 йил 25 июнь куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Сайлов кодекси” 18 боб, 103 моддадан иборат бўлиб, халқаро сайлов стандартлари имплементация қилинганлиги билан халқаро ҳамжамиятда энг демократик сайлов ҳужжатларидан бири сифатида эътироф этилаётганлиги ҳар биримизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.

 

Маълумки, халқаро сайлов тамойилларида умумийлик, тенглик, тўғридан-тўғри, ихтиёрийлик, ошкоралик, адолатлилик, тамойиллари устувор аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 8-моддаси “Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишдаги очиқлик ва ошкоралик” деб номланган бўлиб бўлажак сайловларда ошкоралик тамойилини рўёбга чиқариш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

 

“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасида “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг принциплари қонунийлик, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, демократизм, ошкоралик, ижтимоий адолат, маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишда мустақиллик, жамоатчилик асосидаги ўзаро ёрдам, ижтимоий шериклик, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналарни ҳисобга олишдан иборатдир” деб белгилаб қўйилган.

 

Сайлов кодекси 8-моддасини рўёбга чиқаришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан ҳам кузатувчилар белгиланиши сайлов қонунчилигининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти асосий принципларига уйғунлашувини кўришимиз мумкин. Дарҳақиқат, сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора амалга оширади.

 

Сайлов комиссиялари фуқароларни ўз иши тўғрисида, сайлов округлари, участкалари тузилганлиги ҳақида, сайлов комиссияларининг таркиби, уларнинг жойлашган ери ва иш вақти тўғрисида хабардор этади, сайловчиларнинг рўйхатлари, сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг рўйхати билан таништиради, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар тўғрисидаги, шунингдек овоз бериш ва сайлов якунлари ҳақидаги маълумотларни маълум қилади.

 

Оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг боришини ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб боради. Сайлов комиссияларининг мажлислари очиқ ўтказилади. Сайлов комиссияларининг қарорлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади ёки Сайлов Кодексида белгиланган тартибда ҳаммага маълум қилинади. Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиш ҳуқуқига эга.

 

Шу ўринда халқаро ҳужжатларда ошкоралик тамойили ҳақида қуйидаги тарифлар берилганлигини келтириш ўринлидир.

 

Ошкоралик тамойили, сайловлар ошкоралик тамойилларига асосланган қонунларга мувофиқ ўтказилиши кўзда тутилади. Ошкоралик сайлов жараёнида қонунга хилоф ҳаракатларга чек қўяди. Шундай қилиб, овозларни санаш сайлов участкаси даражасидан тортиб, то Марказий сайлов комиссияси даражасигача ҳам ошкора кўрилиб тасдиқланган бўлиши шарт. Овозларни санаб чиқишда номзодларнинг ишончли вакиллари, сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмалари вакиллари илмий ва хорижий кузатувчилар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозир бўлиши мумкин. Бу жараёнлар сайловларнинг яширин ўтказиш принципига зид келмайди. Балки ҳаққоний ўтишини таъминлайди.

 

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексининг 33-моддаси, Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайловларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кузатувчилари тўғрисида Марказий сайлов комиссиясининг Низоми қабул қилинган. Низомда кузатувчиларнинг ҳуқуқий мақомини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳамда уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш тартиби белгиланган.

 

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида кузатувчи қатнашиш ҳуқуқига эга. Кузатувнинг мақсади сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шу жумладан сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида сайлов қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдан иборат. Сайлов комиссиялари кузатувчини мандати ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатига асосан рўйхатга олгандан кейин унга ўз ваколатларини тўлақонли ҳамда тўсқинликсиз амалга ошириши учун шароит яратиб беради.

 

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли), унинг ўринбосари, маслаҳатчиси, шунингдек фуқаролар йиғини органларининг бошқа мансабдор шахслари кузатувчи бўлиши мумкин.

 

Шу ўринда мансабдор шахси деган тушунчага тариф берадиган бўлсак, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасида Фуқаролар йиғини тўғрисидаги низоми талаблари берилган ва ушбу низомда Фуқаролар йиғини раисини, унинг ўринбосарларини, ва маслаҳатчиларини сайлаш, шунингдек фуқаролар йиғини органларининг бошқа мансабдор шахсларини сайлаш, тасдиқлаш ва тайинлаш тартиби белгиланган. Ушбу Низом асосида ушбу тоифадаги шахсларнинг рўйхатини тузилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинган Низомга асосан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари округ сайлов комиссияси тузилганидан кейин уларга ариза билан мурожаат қилади. Аризага кузатувчиларнинг рўйхати (исми-фамилияси, лавозими, яшаш манзили ва телефон рақами кўрсатилган ҳолда), уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхалари, 3х4 см. ўлчамдаги икки дона фотосурат илова қилинади.

 

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўз кузатувчилари тўғрисида округ сайлов комиссияларига сайловга камида ўн беш кун қолгунга қадар мурожаат қилиши мумкин. Округ сайлов комиссияси фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг аризасини олгандан кейин беш кун ичида қарор қабул қилади ва кузатувчи учун мандат беради.

 

Мандат намунаси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 29 июлдаги 924-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисидаги низом билан белгиланади. Мандатда сиёсий партияни бошқа сиёсий партиядан ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан фарқлаш учун алоҳида белгилар (мандат ранги ёки бошқа) акс эттирилиши мумкин.

 

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари округ сайлов комиссиясидан мандатларни олгандан сўнг уларни кузатувчиларга етказилишини таъминлайди. Агарда кузатувчиликка номзод 18 ёшга тўлмаган бўлса ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаса; сайловга ўн беш кундан кам муддат қолганда мурожаат этилса; фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг мансабдор шахси бўлмаса ва белгиланган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаса кузатувчига мандат бериш рад этилиши мумкин.

 

Кузатувчи сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек овоз бериш куни мандатни тақиб юриши шарт бўлади. Кузатувчининг ваколат муддати унга мандат берилган кундан бошланади ва сайлов якунлари расман эълон қилинган куни тугайди. Тегишли сайлов комиссияси томонидан такрорий овоз бериш ёки такрорий сайлов ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, кузатувчилар мандатининг амал қилиши тегишли муддатга узайтирилади.

 

Кузатувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига тўхталадиган бўлсак, кузатувчи:

сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш; номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларида иштирок этиши;

сайлов участкасида ҳозир бўлиш, тайёргарлик ишларининг боришини, яширин овоз бериш кабиналарининг ёки хоналарининг жойлаштирилишини ва сайлов қутиларининг муҳрланишини, фуқароларнинг рўйхатга олинишини, сайлов бюллетенларининг уларга берилишини кузатиши;

сайлов куни овоз бериш жараёнини кузатиш; муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти ва жойи ҳақида хабардор бўлиш ҳамда ушбу жараённи кузатиш; сайловчининг турган жойида унинг рухсати билан овоз бериш жараёнини кузатиш; овозлар санаб чиқилаётганда ва сайлов комиссиясининг баённомаси тузилаётганда ҳозир бўлиши;

сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаларини сўраш ва олиш; сайлов жараёни ва овоз беришнинг яширинлигини бузмасдан фото, видео, аудио ёзувларни амалга ошириши (қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойлари, ҳарбий қисмлар, даволаш муассасалари бундан мустасно);

кузатув натижалари тўғрисида оммавий ахборот воситалари вакилларига мурожаат қилиши;

округ сайлов комиссияси томонидан участка сайлов комиссияларидан овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомаларни қабул қилиб олиш ҳамда округ бўйича сайлов натижаларини аниқлаш жараёнида ҳозир бўлиш; қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларидаги сайлов жараёнини кузатиш хоҳиши тўғрисида округ сайлов комиссиясига сайловга камида уч кун қолганда хабар бериши;

агар сайлов участкасида сайлов қонунчилиги талаблари бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асослар бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида ушбу участка сайлов комиссияси аъзоларига уларнинг ишига аралашмаган ҳолда маълум қилиш, шунингдек юқори турувчи сайлов комиссияларига хабар бериш; сайлов тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳақида, шунингдек сайловга тайёргарлик кўриш ва унинг ўтказилиши бўйича ўз фикрини баён қилиши ҳуқуқига эга. Кузатувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланади.

 

Шу билан биргаликда кузатувчи: ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Сайлов кодексига, Марказий сайлов комиссиясининг қарорларига амал қилиши; барча даражадаги сайлов комиссияларига, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ва бошқа ташкилотларга ташриф буюрганида унга берилган мандатни ҳамда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни ёнида олиб юриши ҳамда мансабдор шахслар талабига мувофиқ уларни кўрсатиши; ўз хулосаларини шахсан ўтказилган кузатув ва ҳақиқий материаллар билан асослаши шарт.

 

Кузатувчига қуйидагилар ман этилади:

сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш;

сайловчиларга таъсир ўтказиш, бирон бир ташвиқот материали ёки адабиётини тарқатиш; сайловчилардан улар кимни ёқлаб овоз берганликларини суриштириш ёки сайловчиларга бюллетенга белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш;

участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан сайлов қутилари муҳрланаётган, очилаётган, овозлар санаб чиқилаётганда аралашиш; сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш.

 

Кузатувчи Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси талабларига ва ушбу Низом қоидаларига риоя этмаган тақдирда, округ сайлов комиссияси унинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиши мумкин. Шунингдек, кузатувчи сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида юқори турувчи сайлов комиссиясига ёки судга шикоят қилиши мумкин. Кузатувчи шикоятни кўриб чиқишда бевосита иштирок этиши мумкин.

 

Хулоса қилиб айтганда, бўлажак сайловларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчиларнинг иштироки сайлов қонунчилигидаги янгилик бўлиб, ушбу янги нормани амалга оширилишида ҳудудларда ижтимоий адолат ва қонунийлик асосида халқимизнинг оғирини енгил қилиш ва рози қилиш йўлида астойдил меҳнат қилаётган маҳалла фаоллари юқори савияда иштирок этишлари юртимизнинг обрўсини янада ортишига муносиб ҳисса бўлади.

 

Юнусов Баҳодиржон

Марказий сайлов комиссияси аъзоси

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур

  • TO‘LISOV SHAXZOD MAXSUD O‘G‘LI

    yaxshi maqola ekan