САМАРАЛИ ҲАМКОРЛИКНИНГ МУҲИМ АСОСИ

01.02.2023

5089

msk_yangiliklari_in

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) яқинда ўз расмий сайтида 2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ДИИҲБ сайловни кузатиш бўйича миссиясининг якуний ҳисоботини эълон қилди. Шу муносабат билан ЕХҲТ ДИИҲБ делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда.

 

Тавсия, ташриф ва тақдимот

 

2021 йилда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови миллий сайловлар тарихида илк бор ЕХҲТ ДИИҲБ, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси ва Европа Парламенти томонидан кузатиб борилди. Сайлов куни ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси ва Европа Парламенти делегациялари ДИИҲБ миссиясига қўшилди, шу тариқа 44 мамлакатдан 365 кузатувчидан иборат халқаро сайловни кузатиш миссияси шаклланди.

 

Президент сайловини кузатиш учун ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси илк бор 27 мамлакатдан 100 нафар парламентарий ҳамда ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси президенти ва бош котибидан иборат нуфузли делегациясини юборди. Европа Парламенти делегацияси эса Ўзбекистонда сайловни кузатишда биринчи марта иштирок этди.

 

ЕХҲТ ДИИҲБ методологиясига мувофиқ, бюронинг сайловни кузатиши натижалари бўйича фаолияти бевосита сайловдан кейинги даврда амалга оширилади. Бу борада сайловдан кейинги ўзаро ҳамкорлик учта асосий йўналиш, яъни ДИИҲБ якуний ҳисоботини эълон қилиш ва уни тақдим этиш ҳамда таклиф қилинган тавсиялар асосида кейинги ишларни давом эттиришни қамраб олади.

 

Жорий йилнинг 22 апрелида ЕХҲТ ДИИҲБ ўз расмий сайтида 2021 йили бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ДИИҲБ сайловларни кузатиш бўйича миссиясининг якуний ҳисоботини эълон қилди.

 

Якуний ҳисобот тақдимоти тавсияларни амалга ошириш бўйича кейинги ишларда иштирокчи давлатларга кузатувдан кўмаклашишга ўтишнинг самарали механизми ҳисобланади. Якуний ҳисоботни иштирокчи давлатга юбориш орқали ДИИҲБ ўз ҳисоботини жойида тақдим этиш ва тавсияларини муҳокама қилиш учун ушбу мамлакатга ташриф буюришга тайёрлигини билдиради.

 

Одатда якуний ҳисоботни тақдим этувчи бюро делегациясига сайловни кузатиш бўйича тегишли миссия раҳбари, раҳбарият аъзоси ёки ДИИҲБ директори бошчилик қилади. Мамлакатга бундай ташриф сайлов тугаганидан кейин 3-9 ой ўтгач амалга оширилади.

 

Ташриф давомида якуний ҳисобот қатор масъул шахсларга расман тақдим этилиб, унда келтирилган хулоса ва тавсиялар муҳокама қилинади. Икки томонлама, парламентарий учрашувлар, брифинглар, давра суҳбатлари ўтказилиши ҳам мумкин.

 

Бундай ташрифлар расмийлар билан самарали мулоқот, айрим масалаларга ойдинлик киритиш ва ДИИҲБ тавсиялари бўйича ҳамкорликда бажарилиши мумкин бўлган чора-тадбирларни муҳокама қилиш имконини беради.

 

Сайловнинг ҳуқуқий-меъёрий асослари бўйича миллий қонунчиликка оид шарҳлар ва эксперт хулосаларини тайёрлаш, экспертлар учрашувлари ва давра суҳбатларини ташкил этиш, техник маслаҳатлар бериш ҳам шулар жумласидандир.

 

Такомил ва тараққиёт

 

Якуний ҳисобот сайлов соҳасида ЕХҲТ ДИИҲБ билан мулоқот ва самарали ҳамкорликни давом эттириш учун муҳим асосдир.

 

Чунки ҳисоботнинг асосий қисмларидан бири — бўлажак сайловларни ўтказишнинг ҳуқуқий асослари ва амалиётини такомиллаштиришга қаратилган тавсиялар. Улар сайловни ташкил этиш учун масъул органлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти ва бошқа манфаатдор идоралар томонидан кўриб чиқилиши учун мўлжалланган.

 

Одатда тавсиялар ЕХҲТ мажбуриятлари ва бошқа халқаро мажбуриятлар ва стандартларни ҳисобга олган ҳолда қандай ўзгартиришлар киритиш мумкинлиги бўйича таклифларни ўз ичига олади. Улардан баъзилари амалдаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритишга, бошқалари сайлов ўтказиш амалиётини янада такомиллаштиришга қаратилган бўлиши мумкин.

 

Ўзбекистоннинг ДИИҲБ билан сайлов жараёнидаги ўзаро ҳамкорлиги тобора мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлаш зарур. Бюро миссияси 1999 йилдан буён мамлакатимизда ўтказилган Президент ва парламент сайловларида кузатувчи сифатида иштирок этиб келмоқда. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистонда сайловларни мамлакатимиз сайловлар соҳасида олган мажбуриятлар, умумеътироф этилган тамойиллар ва энг илғор амалиёт асосида адолатли, ҳалол ва шаффоф ўтказишга хизмат қилмоқда.

 

Самарали ҳамкорлик борасида миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш, сайлов қонунчилиги ва амалиётини умумеътироф этилган халқаро демократик сайлов стандартларига уйғунлаштириш орқали фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини янада кенгроқ ва тўлароқ таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

Бу борада ЕХҲТ ДИИҲБ миссиясининг ҳар бир сайлов натижалари бўйича якуний ҳисоботида ўз аксини топган тавсияларининг мақбуллари Ўзбекистон сайлов қонунчилиги ва амалиётига имплементация қилиниб, сайловга оид миллий ҳуқуқий база такомиллаштирилмоқда.

 

Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон ДИИҲБ сайловларни кузатиш бўйича миссиясининг қатор тавсияларини амалга оширди. 2018-2019 йилларда сайловга оид қонунлар ва қонуности ҳужжатлар тизимлаштирилиб, ягона Сайлов кодексига бирлаштирилгани, сайлов жараёнига ахборот-коммуникация технологиялари тобора кенг жорий этилгани каби кўплаб ўзгаришлар бунинг ёрқин далилидир.

 

Марказий сайлов комиссияси мувофиқлаштирувида ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари иштирокида сайлов қонунчилиги ва амалиётини миссиянинг 2019 йилги парламент сайлови бўйича якуний ҳисоботи асосида янада такомиллаштириш юзасидан изчил ишлар олиб борилди.

 

Якуний ҳисоботда ЕХҲТ ДИИҲБ Ўзбекистонга сайлов жараёнини такомиллаштиришда ёрдам кўрсатишга тайёрлигини изҳор этиб, ўттиз иккита тавсияни тақдим этганди.

 

Миссиянинг якуний ҳисоботидаги тавсияларни таҳлил қилиш ва умумлаштириш, Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилиги ва амалиётида қўллаш учун мақбул тавсияларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш учун бир қатор ташкилий-амалий чора-тадбирлар амалга оширилди.

 

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга 2020 йил 29 декабрдаги Мурожаатномасида 2021 йилда бўлиб ўтадиган Президент сайлови муносабати билан Марказий сайлов комиссиясига бўлажак сайловни миллий қонунчилик ва умумеътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида юқори даражада ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган эди.

 

Шу билан бирга, Мурожаатномада сўнгги сайловда халқаро кузатувчиларнинг мақбул тавсияларини миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш бўйича ишларни давом эттириш зарурлиги қайд этилди. Мазкур устувор вазифалар 2021 йилга мўлжалланган Давлат дастурида батафсил ифодасини топди.

 

Бу борада 2021 йил мобайнида миллий сайлов қонунчилигини халқаро сайлов стандартларига янада уйғунлаштириш, миссиянинг якуний ҳисоботидаги тавсияларни амалга ошириш ва амалиётга жорий этиш борасида сайлов қонунчилигини такомиллаштиришга оид иккита муҳим қонун қабул қилинди.

 

2021 йил 8 февралда қабул қилинган “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Ўзбекистон Конституция сига, “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги конституциявий қонунга, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонунга ҳамда Сайлов кодексига қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

 

2021 йил 31 май куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ Сайлов кодексининг ўн битта моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

 

Шунингдек, бюронинг якуний ҳисоботида баён этилган тавсияларнинг ижросига бевосита дахлдор бўлган бошқа бир қатор қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинганини ҳам қайд этиш зарур. Жумладан, 2020 йил 15 октябрда “Ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди ва 2021 йилнинг январь ойидан кучга кирди.

 

“Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун 2020 йилнинг 15 декабрида қабул қилинди. Унда туҳмат ва ҳақорат қилишга оид жиноий жазони либераллаштириш назарда тутилган, озодликдан маҳрум этиш жазоси бекор қилинди.

 

“Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун 2021 йилнинг 7 июнь куни қабул қилинди.

 

Бюро тавсиялари ижросининг лозим даражада бажарилишида Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Марказий сайлов комиссияси томонидан ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам муҳим аҳамият касб этди. Мазкур низом ва йўриқномаларда якуний ҳисоботдаги бир қатор муҳим тавсиялар инобатга олинган.

 

Шундай қилиб, ЕХҲТ ДИИҲБнинг парламент сайлови бўйича якуний ҳисоботда қайд этилган 32 тавсиясидан 21 таси қабул қилинди.

 

Тизимли ишлар самараси

 

Давлатимиз раҳбари имзолаган «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармон ва “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дастурида сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада такомиллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш назарда тутилган. Булар Сайловчилар ягона электрон рўйхати ва Сайлов жараёнларини бошқариш ахборот тизимини такомиллаштириш ҳамда миллий сайлов тизимининг нуфузини янада оширишдан иборат.

 

Марказий сайлов комиссиясида айни пайтда Ички ишлар вазирлиги, Кадастр агентлиги, Давлат персоналлаштириш маркази ва бошқа манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар вакилларидан, шунингдек, МСКнинг хорижий сайлов органлари фаолиятини ташкил этиш амалиётини ўрганувчи ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар фаолият юритмоқда. Бундай тизимли ишлар самарасида сайлов қонунчилигини такомиллаштириш бўйича таклифлар ва тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилади.

 

Шу тариқа, ўтган сайлов кампаниялари ва уларга ДИИҲБнинг сайловларни кузатиш бўйича миссиялари, бошқа халқаро ҳамда хорижий экспертлар томонидан берилган баҳолар Ўзбекистонда миллий демократик сайлов тизими шаклланиши ва ривожланишига сезиларли таъсирини кўрсатмоқда. Натижада ҳар бир сайлов кампаниясига берилган эътирофларда мамлакатимизда сайловни ташкил қилиш ва ўтказиш борасида муайян муваффақиятлар қайд этилмоқда.

 

Хусусан, ЕХҲТ ДИИҲБнинг 2021 йилги сайлов бўйича якуний ҳисоботида сайлов Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ижтимоий ва иқтисодий, сиёсий ва ҳуқуқий соҳаларда “Янги Ўзбекистон” шиори остида амалга оширилаётган ислоҳотлар стратегиясини амалга ошириш жараёнида ўтгани алоҳида қайд этилган. Эътироф этилганки, Ўзбекистон сўнгги йилларда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида салмоқли ютуқларни қўлга киритган, сайлов қонунчилигида туб ислоҳотларга эришган. Бу ЕХҲТ ДИИҲБ томонидан таклиф этилган тавсияларни имплементация қилишга йўл очган.

 

Марказий сайлов комиссиясининг Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасидаги фаолиятига юксак баҳо берилган. CОVID-19 билан боғлиқ муаммоларга қарамай, Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятини юксак ташкилий даражада, сифатли ва қонунчиликда белгиланган муддатларда самарали ташкил этгани таъкидланган.

 

Сайлов кампаниясининг очиқ ва ошкора ўтказилганига, имконияти чекланган шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги чора- тадбирларга ҳам ижобий баҳо берилган.

 

Сайловчилар фаоллигини ошириш бўйича кампания тўққиз тильда олиб борилгани, шунингдек, сайлов қонунчилиги ва Марказий сайлов комиссияси қарорларига дахлдор барча материаллар ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида эълон қилиб борилгани, бундан ташқари, интернетда қозоқ, қирғиз, тожик ва туркман тилларида тарқатилгани ва бошқа бир қатор ҳолатлар қайд этилди.

 

Якуний ҳисоботда сайлов жараёнлари билан боғлиқ айрим камчиликлар ҳам кўрсатиб ўтилган. Марказий сайлов комиссияси фикрича, улар қонунчилик томонидан тартибга солиш амалиётининг ўзига хос жиҳатлари, ҳудудий, миллий ва маданий шарт-шароитларни ҳисобга олганда, камчилик бўлмаслиги ҳам мумкин.

 

ЕХҲТ ДИИҲБ сайлов жараёнларини янада такомиллаштиришда Ўзбекистонга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр эканини билдириб, якуний ҳисоботда йигирма тўртта тавсияни таклиф этган.

 

Шу муносабат билан якуний ҳисоботни батафсил таҳлил қилиш, унда келтирилган тавсияларни ўрганиш ҳамда уларни қўллаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун идоралараро ишчи гуруҳ ташкил этилди. Ушбу ишчи гуруҳга сайлов жараёнининг барча иштирокчилари, экспертлар ва мутахассислар, сиёсий партиялар вакиллари, фуқаролик жамияти институтлари, олимлар ва амалиётчилар жалб этилди.

 

Якуний ҳужжатни ўрганишга БМТнинг Тараққиёт дастури, Сайлов тизимлари халқаро фонди, ЕХҲТнинг Лойиҳалар бўйича координатори каби халқаро ташкилотлардан экспертлар жалб қилинган бўлиб, улар мазкур ҳисоботни БМТ, ЕХҲТ универсал ҳужжатлари ва демократик ҳамда эркин сайловлар стандартларини белгиловчи халқаро ҳуқуқнинг бошқа ҳужжатлари билан қиёсий таҳлил қилиш, шунингдек, халқаро амалиёт билан таққослаштиришда ёрдам бермоқда.

 

Тавсиялар ЕХҲТ ДИИҲБдан ташриф буюрадиган делегация билан ҳамкорликда ҳар томонлама кўриб чиқилади. Натижаси бўйича Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини такомиллаштириш, сайлов амалиёти самарадорлигини ошириш, хусусан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган устувор вазифаларни бажариш доирасида таклифлар ишлаб чиқилади.

 

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда ЕХҲТ ДИИҲБ тавсияларини бажариш борасида зарур имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимиз демократик тараққиёт учун халқаро стандартларга жавоб берадиган сайлов соҳасидаги илғор тажрибаларни татбиқ этишга хизмат қилади.

 

 

Гулноза РАҲИМОВА,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг

доимий асосда ишловчи аъзоси

 

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетасининг 2022 йил 10 июнь кунги 115-сони

 

PDF ни юклаб олиш

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур