27.01.2023

3835

msk_yangiliklari_in

Муҳаббат – инсонга ато этилган энг олий туйғу. Икки қалбнинг ўзаро меҳр ришталари билан боғланиши оила аталган табаррук қўрғонни бунёд этади. Бу қўрғон мустаҳкам бўлса, ҳаёт ундан неъматларини аямайди. Агар унга дарз етса, шу ондан оиладагилар учун аросатли кунлар бошланиши муқаррар.

 

Муҳаббат – инсонга ато этилган энг олий туйғу. Икки қалбнинг ўзаро меҳр ришталари билан боғланиши оила аталган табаррук қўрғонни бунёд этади. Бу қўрғон мустаҳкам бўлса, ҳаёт ундан неъматларини аямайди. Агар унга дарз етса, шу ондан оиладагилар учун аросатли кунлар бошланиши муқаррар.

 

Оила қурмоқчи бўлган ёшлар бир-бирларига дунёни бермоқчи бўладилар. Аммо оила қуриб бўлгач, айримларда бу туйғулар негадир унут бўлади. Ажрашиш учун ариза кўтариб юрганларни кўрганда, шу ҳақда ўйлайди киши. Суд залида бир-бирига билдирилаётган эътирозлар, томонларнинг андишасизларча бир-бирини балчиққа булғашданда тоймасликларини кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсан киши.

 

Ахир шулар эмасми, куни кеча мақсадлари муштарак бўлиб, меҳр ришталарини пайваста қилиб бир ёстиққа бош қўйганлар. Ишонгинг ҳам келмайди, рости. Қани берилган ваъдалар – йигитнинг лафзи? Энди эса, “йигит сўзим, яшамайман дедимми, яшамайман”, деб тихирлик қилади у.

 

Бу ҳолат Байроннинг лирик қаҳрамони, “Менинг бу борада узил-кесил сўзим битта, у ҳам тахмин!», деган сатрларини ёдга туширади. Шу бир сатрда у узоқни кўриш қобилиятидан маҳрум ёшлар қиёфасини очиб берган эди. Қизчи, орзулари осмон эдику, нега бунча тез таслим бўлди? Тўйдан кейин тартиблар тамоман бошқача тус олишини англамаган эдими?

 

Назаримда, қизларимизнинг ҳам муҳаббатга муносабати аввалгидек эмас. Арастунинг шогирдларидан бири устозининг ёнига келиб, уйланишга қарор қилганини айтибди. “Эҳ, бахтсизликка юз бурибсанку, бўтам!», дебди устози. “Агар уйланиш бахтсизлик бўлса, бу дунёдан сўққабош ўтганим бўлсин!», дея аҳдидан воз кечмоқчи бўлиб шогирди. “Унда икки карра бахтсизликка тутқун бўласан”, деган экан Арасту.

 

Дарҳақиқат, турмуш – мушт, деган кексаларимиз. Унинг зарбаларига бардош берган, машаққатларига чидаган матонатли кишиларгина роҳатбахш манзилга етади. Аро йўлда айро тушган қадамлар эса аросат водийсига боради, холос. Ўртада бола бўлса, уни ҳам аросат азобига гирифтор этишади.

 

Эр ва хотиннинг ажрашишидан Арш ларзага келади, деган гап бор. Қолаверса, бу жамият, давлат манфаатларига ҳам тамомила зид. Бу ерда турмушга енгилтаклик билан муносабатда бўлаётган, арзимас сабаблар билан оила аталмиш қўрғонини қулатаётган, бундан заррача ачинмаётган ёшларни назарда тутаяпмиз. Ҳаётда ҳар хил сабаблар билан қайта турмуш қуриб, кемтик бўлиб қолган рўзғорини бутлаб яшаётган оилалар бундан мустасно, албатта.

 

Бу масаланинг яна бир жиҳати, мавжуд қўйди-чиқдиларнинг сабаблари таҳлил қилинганда, аксар ажралишлар қайнона-келин муносабатларидаги мувозанатнинг бузилиши оқибатида келиб чиқаётгани ҳам кўзга ташланади. Ажабланарлиси, муқаддам бундай зиддиятлар ажрашишга олиб келмаган. Аксинча, ҳаттоки совуқчилик билан бошланган муносабатлар йиллар синовидан ўтиб, тамоман ижобий томонга ўзгарганига кўп бор гувоҳ бўлганмиз.

 

Халқимизнинг “Ойнинг ўн беши қоронғу, ўн беши ёруғ”, деган ҳикмати баайни шу мавзуга тааллуқлидек. Ўзи она бўлиб, сўнг қайноналик мартабасига эришган кўплаб аёлларимиз келинлик даврларини хотирлаб, қайноналарининг қаттиққўллигини миннатдорлик билан ёдга олгани, мана шу тутум мустақил ҳаёт йўлларида жуда асқатгани ҳақида сўзлашади.

 

Қадимги ҳинд браҳманларининг ҳикматли бир сўзини шу ўринда эслаш ўринли: “Инсоннинг кўзи ўзидан бошқа борлиқдаги барча нарсаларни кўради”. Ҳақиқатдан шундай. Айниқса, келин-куёв тўйида ўтирган ўрнидан туриб, пастга тушиб ўзларига атаб қурилган кўшк ва унда ўтирган икки қалб, икки беғубор қиёфа қанчалар нафис эканини кўрсалар, балки шунда мана шу лаҳзалар қанчалар гўзал, нечоғли мафтункор, нақадар бетакрор эканини теранроқ англаган бўлар эди. Эҳтимол ўшанда шу бахтиёр дақиқаларнинг қадрига кўпроқ етган бўлишармиди?

 

Мавлоно Румий “Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил”, деб бежизга айтмаган. Қолаверса, ҳеч қачон унутишга ҳаққимиз бўлмаган бир ҳақиқат бор: Одам Ато билан Момо ҳаво икки юз йиллик айрилиқ азобидан сўнг Арофат тоғида учрашган. Маккадаги мана шу тепаликни ҳозирда зиёратчилар Раҳмат тоғи деб тавоф қилишади. Никоҳ базмида келин ва куёвга атаб қуриладиган ўриндиқ, бу шунчаки бир кўшк эмас – у Арофат тоғи сингари табаррук. Зотан кишининг кишига меҳри тушиши, икки қалбнинг бирлашиши Яратганнинг хоҳиши аслида.

 

Бинобарин, шоир “Биз бахтли бўламиз худо хоҳласа, худо хоҳламаса учрашармидик”, деганида ҳақ эди. Мана шу мантиқнинг фаҳмига етган, оила деган давлатнинг қадрига етади –­ зинҳор-базинҳор арофатдан аросатга юз бурмайди.

 

Худоёр Маматов,

Марказий сайлов комиссияси Котибият раҳбари

юридик фанлари доктори, профессор

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур