БУЮК ИМКОНИЯТ: ПАНДЕМИЯ ШАРОИТИДА САЙЛОВ ЎТКАЗИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ЖИҲАТЛАРИ НИМАДА?

31.01.2023

2463

msk_yangiliklari_in

Марказий сайлов комиссияси жорий йилнинг 24 октябрини Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни деб белгилаганидан ва 23 июлдан сайлов кампанияси бошланганидан буён бир ой ўтди. Айтиш керакки, сайлов кўпнинг саъй-ҳаракати билан амалга ошириладиган муҳим сиёсий тадбир. Кўпнинг кўланкаси ҳам олтин, дейди доно халқимиз. Бу кўпнинг аҳиллиги, ҳамжиҳатлиги ва ғайрати билан амалга ошадиган ишда барака мўл бўлади, дегани.

 

ТАҲЛИЛЧИЛАР ҲАЙРАТИ

 

Ўтган йили, аҳли олам бошига тўсатдан коронавирус деган офат ёғилганида, ҳали инсоният бу “кўз илғамас ёв”нинг табиатини англай олмай, унга қарши муносиб чора тополмай, саросимада турган кезларда ҳам дунёнинг кўплаб мамлакатларида президентликка, парламентга ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар, шунингдек референдумлар ўтказилди. Энг қизиғи, инсон саломатлиги учун ўта хатарли кунларда ўтган ўша сайловларда талай мамлакатларнинг аҳолиси одатдагидан кўра фаолроқ иштирок этгани халқаро таҳлилчиларни ҳайратга солди. Бу эл бошига иш тушганда, инсонга хос аҳиллик ва ҳамжиҳатлик туйғуларининг кучайиши билан боғлиқ.

 

2020 йил апрель ойининг биринчи ярмида Корея Республикаси Миллий Мажлисига бўлиб ўтган сайловда муддатидан олдин овоз беришда фуқаролар рекорд даражада – рўйхатга олинган сайловчиларнинг қарийб 27 фоизи иштирок этди.

 

Инфекция хавфи туфайли, деярли барча давлатларда бўлгани каби, Полшада ҳам локдаун — фавқулодда ҳолат эълон қилиниб, аҳолининг кўча-кўйга эмин-эркин чиқиши ва юриши кескин чекланган эди. Шунга қарамай, 2020 йил 28 июнь куни ўтган Президент сайловининг биринчи туридаёқ сайловчиларнинг овоз беришдаги фаоллиги бўйича Полша тарихида рекорд ўрнатилди – 64,5 фоиз қайд этилди.

 

2020 йилнинг 10 июль куни Сингапурда ўтган парламент сайловида эса рўйхатга олинган сайловчиларнинг қарийб 96 фоизи иштирок этди. Бу ҳам мамлакат тарихидаги ўзига хос рекорддир.

 

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Энг муҳими, Сайловларни кузатиш бўйича ташкилотлар Европа тармоғининг (ENEMO) маълумотларига қараганда, шу пайтгача пандемия шароитида сайлов ўтказган бирорта давлатда (таъкидлайман: бирорта!) сайлов муносабати билан аҳоли ўртасида коронавирус юқиш ҳолатлари кўпайгани қайд этилмаган.

 

Президент сайловига қизғин ҳозирлик кўраётган Ўзбекистонда ҳам сайловни юртдошларимизнинг саломатлиги қатъий муҳофаза қилинган ҳолда, хавф-хатардан холи, миллий сайлов қонунчилигимиз ва умумеътироф этилган халқаро сайлов стандартларига биноан ҳамда карантин талаблари асосида очиқ-ошкора ўтказиш учун барча шарт-шароит яратилмоқда, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

 

ҒАЛАБАНИНГ ИБТИДОСИ

 

Инсоният пандемия шароитида яшашга ва унга қарши курашишга аста-секин кўникиб, мослашиб бормоқда, деб таъкидлаётган олимлар ҳақ. Бу – табиий. Негаки, инсоният пандемиядан қачон бутунлай холос бўлиши ёки коронавируснинг яна қандай ривожланишини бугунгача, нафақат манаман деган фозили фузало, ҳатто Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидек нуфузли халқаро тузилма ҳам аниқ айта олмаётир. Дарднинг югуриб келиб, эмаклаб кетиши маълум. Лекин излаган доим имкон топади. Аҳолини коронавирусга қарши ялпи эмлаш – пандемияга қарши курашдаги энг муҳим ғалабанинг бошланиши. Буни халқаро ва миллий тажриба аниқ-тиниқ кўрсатиб турибди.

 

Бироқ бундай муваффақиятларга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ, албатта. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, бугун юртдошларимиз ялпи эмланаётган вакциналар 60 долларгача бўлган нархларда сотиб олинаётир. Бу давлат хазинасидан ажратилаётган миллиард-миллиард маблағ демакдир.

 

Мен шифокор сифатида тиббиёт аҳли ўртасида машҳур бир қоидани эслатмоқчиман: профилактика, яъни касалликнинг олдини олиш учун сарфланган бир сўм, хасталикни даволаш йўлида чекиладиган харажатнинг юз сўмини тежайди. Шу боис, ушбу рақамларнинг замирида қандай заҳмат, ғайрат, ғамхўрлик ва меҳр-эътибор мужассам эканини барчамиз чуқур англаб етишимиз ва қадрлашимиз зарур.

 

Ўтган йилнинг бир хулосасига эътибор беринг: жаҳондаги мамлакатларнинг имкониятларини пандемия сабаб юзага келган ўта мураккаб шароит тақозоси билан боғлиқ ҳолда таҳлил қилган экспертлар Янги Ўзбекистонга ўз фуқароларини ҳар қандай шароитда ҳимоясига олишга қодир давлат сифатида юксак баҳо бергани – бугун дунё аҳлига аён ҳақиқат. Таҳлилчиларнинг ёзишларича, бу, аввало, асрлар оша шаклланиб, истиқлол даврида мустаҳкамланган ва сўнгги йилларда замон талабларидан келиб чиқиб тубдан такомиллаштирилган ўзбек миллий давлатчилигига хос сиёсий бошқарув анъаналари, энг муҳими, барча соҳаларда очиқлик ва демократия, халқ билан мулоқот кенг йўлга қўйилгани натижасидир.

 

Давлатимиз томонидан тезкорлик, собитқадамлик, илмийлик асосида, халқ билан бамаслаҳат амалга оширилган ва оширилаётган зарур чора-тадбирларнинг юксак самарасидир. Ўз пайтида кўрилган тезкор ва тизимли чора-тадбирлар натижасида ушбу хатарли касалликнинг кенг тарқалишига йўл қўйилмади. Халқимиз гувоҳ бўлиб турганидек, юртимизда осойишта ҳаёт, барқарор иқтисодий юксалиш давом этмоқда.

 

ОГОҲЛИК – ДАВР ТАЛАБИ

 

Энди масаланинг бошқа томонига эътибор беринг. Бир йил мобайнида коронавирус ҳам, афсуски, “қўл қовуштириб ўтиргани” йўқ экан. Мавжуд шароит, инсон организмию дори-дармонга тезда мослашиб, дунёда коронавирус инфекцияси қайтадан авж ола бошлади. Кўз илғамас ёвнинг хавфли томони ҳам шунда. Унинг жаҳон бўйлаб тез тарқалаётган янги штаммлари, пандемиянинг янги тўлқинлари аввалгиларидан ҳам хавфлироқ экани аён бўлмоқда. Боз устига, айрим юртдошларимизда пандемиянинг дастлабки ойларида шаклланган эҳтиёткорлик, карантин қоидаларига тўла амал қилиш ўрнини, сўнгги пайтда анчайин хотиржамлик, бўшашиш кайфияти эгаллай бошлагани ҳам бор гап.

 

Ҳолбуки, мамлакатимизда коронавирус хавфидан эҳтиёт бўлиш борасидаги тарғибот ва тушунтириш ишлари бир зум бўлсин тингани йўқ: оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда, аҳоли гавжум жойлар – бозорлар, йирик савдо марказлари, кўча-кўйда огоҳликка чорловчи даъватлар мудом янграб турибди. Кўпчилик давлатларда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам карантин талаблари яна кучайтирилди. Оммавий байрам тадбирлари, спорт мусобақалари, шунингдек, концерт, фестиваль, театр ва кино дастурлари яна вақтинча тўхтатилди. Тўйхоналарда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ихчамроқ ўтказиш белгиланди.

 

Сабаби ёвқур вируснинг хорижда пайдо бўлган янги штаммлари, айниқса, “Дельта” (SARS-CoV-2) хотиржамликка берилган жаҳон аҳлининг бир зумда “кўзини очиб қўйди”. Вируснинг янги тури бурундан сув оқиши, томоқ оғриши, ошқозон бузилиши каби одатдаги тумовга хос белги-асоратлар панасига “яшириниб”, инсон организмини эгаллаб ола бошлайди. Вақтида олди олинмаса, саноқли кунлар эмас, соатларда ҳам одамни “йиқитиши” мумкин. Бундай пайтда на дори-дармон, на бошқа муолажа кор қилиши мушкул.

 

Шукрки, мамлакатимизда бу борадаги вазият қатъий назоратга олинган. Давлатимиз томонидан барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ўз ишининг фидойиси бўлган шифокорларимизнинг коронавирусга қарши курашдаги тажрибаси ҳам анча ошгани бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Лекин коронавируснинг янги хиллари ҳаво-томчи йўли орқали инсондан инсонга юқиш хавфи унинг аввалги турларидан анча баландлигини эътибордан асло соқит қилиб бўлмайди. Олимларнинг далолат қилишларича, аввалги штамм билан хасталанган бемор касалини ўртача икки-уч одамга юқтирган бўлса, вируснинг янги турларига чалинган хаста камида беш-олти инсоннинг соғлиғига зиён етказади.

 

БУЮК ИНСОНПАРВАРЛИК МИССИЯСИ

 

Бундай қалтис вазиятга тушмасликнинг йўллари энди аниқ. Энг аввало, карантин талабларига қатъий амал қилиш лозимлигини яна эслатиш шарт эмас. Эмланганлар сони-салмоғи тобора ошиб бораётган бўлсада, тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, биноларни мунтазам шамоллатиш, гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишимиз лозим.

 

Буни энди ҳаммамиз биламиз. Биламизу шу оддий, аммо ғоят муҳим амалга кўпинча панжа орасидан қараймиз. “Худо ўзи асрасин”, деб қўя қоламиз. Яратган ҳам ўзини эҳтиёт қилганни асрайди!

 

Коронавирусга қарши вакцина билан имкони борича тезроқ эмланиш эса бугун хасталикка қарши энг муҳим чоралардандир. Ҳозир юртдошларимиз олаётган барча вакциналар инсонни коронавируснинг мавжуд штаммларидан ишончли ҳимоя қила олади. Эътибор беринг: барча туридан! Коронавирусга қарши эмланиш касалликнинг нохуш ва оғир асоратларидан, энг муҳими, ўлимдан асрайди.

 

“Кўкламнинг латофати кўпинча қишда билинади”, дейди улуғлар. Афсуски, биз ҳам аксарият ҳолларда саломатлигимизнинг қадрига бетобликда ета бошлаймиз. Хасталик ўз забтига олганидан кейин “пушаймонлик бармоғини тишлашдан не наф”. Аслида, киши ўз саломатлигини асраши учун кўп вақт ҳам, харажат ҳам талаб этилмайди.

 

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилаётганини кўриб-билиб турибмиз. Давлатимиз коронавирусни жиловлаш, COVID-19 инфекциясига чалинган беморларни аниқлаш ва даволаш, профилактика қилиш билан боғлиқ барча харажатларни ўз зиммасига олди. Бу буюк инсонпарварлик миссияси коронавирус инфекциясига қарши аҳолини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан оммавий равишда эмлаш жараёнида ҳам ёрқин намоён бўлмоқда.

 

Эмлаш жараёнига ўн минглаб шифокор ва ўрта тиббиёт ходими жалб қилинган. Мамлакатимиз бўйлаб минглаб эмлаш пунктлари ва ҳаракатдаги тиббий бригадалар иш олиб бормоқда.

 

Бугун юртдошларимиз ушбу хайрли ташаббусларнинг хосиятию фойдасини ўзида ҳис этаётганидан мамнун. Саломатликка доимий интилиш ҳар биримизнинг турмуш тарзимизга ва онгли ҳаётимизга айланиши – бахтли ва фаровон яшашимизнинг муҳим шартидир. Зеро, ҳар бир инсон ўз соғлиғи учун, энг аввало, ўзи масъул.

 

Шу боис, шифокор сифатида барча юртдошларимиздан, сайловчилардан вакцинация тадбирларига жиддий эътибор беришларини сўраган бўлардим. Албатта, вакцина олиш – ихтиёрий иш. Аммо таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, қайси мамлакатда барча аҳоли вакцинани тезроқ олган ва олаётган бўлса, ўша давлатда коронавирус офатининг таҳдиди пасайгани яққол сезилди. Вирусга чалинганлар орасида ўлим ҳолатлари кескин камайди.

 

ТИЗИМЛИ ИШЛАР САМАРАСИ

 

Жаҳонда пандемия сабабли мураккаб вазият вужудга келганидан буён Марказий сайлов комиссияси томонидан бундай мураккаб шароитда хорижий давлатларда сайловларни ўтказиш даврида қўлланилган амалий тажрибани диққат билан ўрганиш ва мақбул жиҳатларини миллий сайлов жараёнларига жорий этиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

 

Комиссиямизнинг куни кеча ўтган навбатдаги мажлисида бу долзарб масала батафсил муҳокама қилинди.

 

Президент сайловини ўтказишда коронавирус инфекцияси тарқалиши хавфининг олдини олиш масаласи кўриб чиқилаётган мажлисда сайловчиларимиз энг асосий сўзни мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимининг тажрибали мутахассисларидан эшитиши тўғри бўлади. Шундан келиб чиқиб, кенгайтирилган мажлисда Республика санитар-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбарининг ўринбосари Ботиржон Қурбоновнинг маърузаси тингланди. Ишнинг кўзини биладиган тажрибали мутахассис сифатида маърузачи пандемия шароитида сайлов ўтказиш бўйича Ўзбекистонда муайян илмий, ҳуқуқий ва амалий тажриба шакллантирилганини алоҳида таъкидлади. Мамлакатимизда коронавирус тарқалиши тўла жиловланиб, барқарор вазият сақланиб турибди.

 

Ўтган бир ярим йил мобайнида Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва экспертлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари иштирокида қатор халқаро онлайн конференциялар уюштирилиб, пандемия шароитида сайлов ўтказиш борасидаги халқаро тажриба ва унинг ўзига хос жиҳатлари муҳокамаси изчил давом эттирилди. Ўнга яқин хорижий давлатда ўтган сайловларда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этган экспертларимиз муаммони бевосита ўрганди. Мамлакатимиздаги мавжуд шароит нуқтаи назаридан таҳлил қилиб, зарур тавсиялар ишлаб чиқди.

Жумладан, Марказий сайлов комиссияси, Республика санитар-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда “VoteWatch Europe” аналитик маркази вакиллари иштирокида “COVID-19 шароитида сайловлар. Европа Иттифоқига аъзо давлатлар истиқболи” мавзусида ташкил этилган семинарда пандемия шароитида сайлов ўтказиш масаласи батафсил муҳокама қилинди.

 

Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциациясининг (А-WEB) сайловларни ташкил этиш салоҳиятини ошириш дастури асосида “Ижтимоий тармоқлар ва сайловларни бошқариш органлари” мавзусига бағишланган онлайн ўқув курсларида ҳамда қатор халқаро вебинарларда Марказий сайлов комиссиясининг етакчи мутахассислари малака оширди.

 

Бу масъулиятли жараён жорий йилнинг 14 апрелида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастурига биноан изчил давом эттирилмоқда. Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси бўйича апрель ойида бошланган семинар-тренингларда ҳозиргача 33 мингдан ортиқ сайлов ташкилотчиси сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар билан бирга, пандемия шароитида сайлов ўтказишнинг ўзига хос жиҳатлари борасида ҳам малака ва кўникмасини оширди.

 

Пандемия шароитида сайловни ташкил этиш ва ўтказишда карантин талабларига қатъий риоя этиш қоидаларини тушунтириб берувчи видеороликлар, услубий қўлланмалар, инфографика ва тарқатма материалларни тайёрлаш, чоп этиш, тарқатиш ва оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилишга оид ишлар тўхтагани йўқ.

 

Изчил ва тизимли саъй-ҳаракатлар натижасида, тегишли вазирлик ва идоралар, жумладан, Республика санитар-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалиши хавфининг олдини олиш бўйича йўриқнома лойиҳаси ишлаб чиқилиб, батафсил муҳокама қилинди ва тасдиқланди.

 

Йўриқномада сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида амалга ошириладиган ишлар, амал қилиниши лозим бўлган қоидалар, таъбир жоиз бўлса, ипидан игнасигача аниқ белгилаб қўйилган. Марказий сайлов комиссиясининг мажлисларида округ сайлов комиссиялари, ҳокимликлар, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг бу борада амалга ошираётган ишларига оид ахборотлари эшитиб борилади.

 

ЮКСАК ИШОНЧ

 

Республика махсус комиссияси яқинда қабул қилган қарорга биноан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ва сиёсий партиялар учун сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирларни ўтказишга доир таклифлар маъқуллангани улуғ иш бўлди. Бунда сиёсий партияларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказишда иштирокчилар ўртасида ижтимоий масофани сақлаш, тиббий ниқобда бўлиш, антисептик воситалардан фойдаланишга риоя этиш каби санитария-гигиена ва карантин талабларига риоя этишга ҳамда учрашувларга таклиф этилаётган фуқароларнинг коронавирус инфекциясига қарши эмланганлигига эътибор қаратиш тавсия этилди.

 

Айни пайтда, сайловлар жараёнининг кўп йиллик бевосита иштирокчиси сифатида ишонч билан айта оламанки, сайловолди ташвиқотига ёндашувлар йилдан йилга ўзгармоқда. Пандемия сабаб халқимиз ҳаётига замонавий ахборот технологиялари янада кенг ва шитоб билан кириб келди. Бугун дунё мамлакатларида нуфузли халқаро анжуманлар, парламентлар сессиялари, ҳатто спорт мусобақалари ҳам онлайн шаклида, масофадан ўтказилаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

 

Буни ҳам халқаро, ҳам миллий тажриба яққол кўрсатиб турибди. Сиёсий партиялар анъанавий усуллар билан бирга, рақамли технологияларнинг кенг имкониятларидан тобора кўп ва хўп фойдаланмоқда. Партиялар вакиллари ва номзодларнинг сайловчилар билан юзма-юз учрашувлари аҳолини кенг қамраб ололмаслиги маълум. Шу боис, пандемия шароитида сайловолди ташвиқотида телевидение, радио, босма ва интернет нашрлар, плакат ва баннерлар янада муҳим аҳамият касб этиши табиий.

 

“Ижтимоий фикр” нодавлат жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўров натижасида сайловчилар Президент сайловига доир янгиликлар ва ахборотларни кўпроқ қайси манбалардан билиб олиши маълум бўлди. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, ахборотнинг энг серталаб манбаси — Ўзбекистон давлат телевидениеси. Сўров иштирокчиларининг 68,9 фоизи сайловга тайёргарликнинг бориши ҳақидаги ахборотларни, асосан, телевидениедан олади. Бу борада интернет иккинчи ўринни (33,5 фоиз) эгаллади. 25 фоиз респондентлар учун нодавлат телевидение каналлари ахборотнинг асосий манбаси ҳисобланади.

 

УЛКАН СИНОВ

 

Пандемия шароитида сайловда овоз бериш сайловчилар учун ортиқча ташвиш туғдирмайди. Улар сайлов кампанияси бўйича ўтказиладиган тадбирларга ва овоз бериш куни сайлов участкасига келганларида карантин талабларига биноан бир марталик ҳимоя ниқобини таққан бўлсалар ва ўзаро оралиқ масофани сақласалар бас. Бинога, хусусан, сайлов участкасига киришдан олдин сайловчиларнинг ҳароратини ўлчаш, қўлини антисептик воситалар билан зарарсизлантириш имконияти яратилади. Сайлов участкалари ва овоз бериш кабиналари мунтазам дезинфекция қилиб турилади. Тиббиёт ходимларининг навбатчилиги ташкил этилади.

 

Энг муҳими, барча округ ва участка сайлов комиссиялари сайлов кампанияси учун ажратилган давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳимоя ва дезинфекция воситалари билан тўла таъминланади.

 

Барча даражадаги сайлов комиссиялари аъзолари комиссия ишига жалб қилинишидан аввал тиббий кўрикдан ва коронавирус инфекцияси бўйича лаборатория текширувидан ўтказилади. Коронавирусга қарши вакцина билан эмланади.

 

Сиёсий партияларнинг сайловолди тадбирлари, номзодларнинг учрашувлари ва бошқа тадбирлар пандемия шароитида видеоконференсалоқа тарзида, зарурат бўлганда эса очиқ жойларда ёки ёпиқ бино сиғимининг 50 фоизидан ортмаган ҳолда (биттадан ўриндиқ ташлаб ўтириш тартибида) ташкил қилиниши тавсия этилади.

 

Президент сайловининг мамлакатимизда мустаҳкам қарор топган тинчлик ва осойишталикда, халқимизга хос бағрикенглик ва олижаноблик, меҳр-оқибат, иззат-ҳурмат, сиёсий-ҳуқуқий маданият, қадимий анъаналаримизга мос муҳитда ўтиши учун барча шароитлар яратилмоқда.

 

Президент сайлови – мамлакат аҳли учун улкан синов, буюк имконият. Юрт аҳлида Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси баланд бўлса, халқнинг ҳамжиҳатлиги ва сайловчиларнинг фаоллигига пандемия билан боғлиқ муаммолар асло монелик қила олмайди.

 

Миллий давлат мустақиллигининг 30 йиллик шонли байрамини кенг нишонлашга ҳозирлик кўраётган халқимиз истиқлол байрамини барча соҳаларда улкан муваффақиятлар билан кутиб олмоқда. Қўлга киритилаётган бундай улкан муваффақиятлар Янги Ўзбекистонимиз Президент сайловидан кейинги даврда янада кучли, янада замонавийлашган, иқтисодиёти янада ривожланган, халқаро нуфузи янада юксалган, фуқароларининг истиқболга ишончи янада ортган, истиқлол қуёши янада ёрқин чарақлаган мамлакатга айланади, дейишимиз учун асос бўла олади.

 

Зайниддин НИЗОМХЎЖАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси раиси,

Ўзбекистон Қаҳрамони, тиббиёт фанлари доктори, профессор

 

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси

2021 йил 26 август, 172-сон

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур