БИР СОЛИҲ ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ УЛУҒ БИР КАШФИЁТ БИЛАН ТЕНГ!

27.01.2023

3330

msk_yangiliklari_in

Муҳаммад Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк аждодларимиз инсоният тараққиётига, хусусан, илм-фан, маънавият ва маърифатнинг юксалишига улкан ҳисса қўшганлар.

 

Улар томонидан барпо этилган буюк салтанатлар, муҳташам тарихий обидалар бугун ҳам дунё аҳлини ҳайратга солиб келмоқда. Хорижда шу аждодларимиз туфайли ватандошларимизга алоҳида ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилгани бот-бот қулоғимизга чалиниб туради. Буларнинг барчаси ўтмишимиз нечоғли улуғвор эканини англатади.

 

Мана шу шонли ўтмиш қалбларимизда фахр-ифтихор туйғуларини тарбиялаш баробарида, сабоқ вазифасини ҳам ўтайди. Уларга муносиб авлод бўлиш масъулиятини зиммамизга юклайди. Чунки ўтмишидан фақатгина ғурурланиш, боболари босиб ўтган зафарли масофаларни пеш қилиб, улуғликка даъво қилиш миллатнинг равнақига хизмат қилмайди. Бинобарин, ҳаракатчанлик, иштиёқ ва собитқадамликка уйғун бўлмаган умидворлик нотавонлик белгисидир. Ёки Аристотел айтганидек, «...hamma нарсанинг моҳияти унинг ҳаракатида намоён бўлади”.

 

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: нима қилсак аждодларимизга муносиб авлод бўламиз? Батафсил жавоб айтиш ўта мураккаб. Бу ўринда бир оддий ҳақиқатни эслатиб ўтишни ўринли, деб билдик. Улуғлик мартабасига мушарраф бўлган ўтмишдошларимизнинг бирортаси ҳам бу маснадга сийму зар билан эмас, балки илму ҳунар, тинимсиз изланиш, интилиш билан эришганлар. Ўзларида энг гўзал инсоний фазилатларни камол топтириш орқали хулқларига ҳусн, одобларига оро бериб, аъмолларини зийнатлаганлар.

 

Сирасини айтганда, одоб – ўқибгина ўрганиладиган илм эмас. Унинг уруғи инсон боласининг қалбига аввал бошданоқ қадалган бўлади. Ўқиш-ўрганиш, панду насиҳат, танбеҳ, ўгит ва улгу – буларнинг барчаси одамнинг одобини ораста этгувчи воситалар, холос.

 

ЎҚИБ-ЎРГАНИЛАДИГАН ВА АМАЛ ҚИЛИНИШИ ШАРТ БЎЛГАН ИЛМЛАР МАВЖУД

 

Қуръони каримда (Аллоҳ) ота-онанинг қадрини қуёш қадар сарбаланд этгани, бандаси бу ҳақиқатни фаҳму фаросати билан англаши лозимлиги уқдирилган. Дарҳақиқат, катта кўчани кесиб ўтаётган қарияга қўлтиқдош бўлиш, жамоат транспортида кексаларга жой бериш ёки кичик ёшдаги болаларни безорисифат болалар таъқибидан ҳимоя қилиш учун, албатта, қайсидир мутафаккирнинг бу борадаги асарини ўқиган бўлишимиз шарт эмас (ўқиган бўлсак, нур устига нур, албатта). Бу инсонда табиий равишда кечадиган жараён.

 

Шунинг баробарида ўқиб-ўрганиладиган ва амал қилиниши шарт бўлган илмлар ҳам мавжуд. Масалан, ҳуқуқий билимлар. Бу борада Конфусий айтганидек, “ўқиган билади, билган амал қилади”. Жамиятда амалда бўлган қонунларни билмаслик сиёсий ғўрлик, ҳуқуқий саводсизлик белгиси саналади. Бундай кишиларни чалғитиш, хоҳлаган томонга эргаштириш осон кечади. Чунки ўқимайдиган киши наинки қонунлар билан таниш эмас, балки у ўзлигини билмайди, ўтмишини танимайди. Шу маънода ҳам ҳар бир даврда ёшларнинг онгида ўтмишга ҳурмат ҳиссини тарбиялаш долзарб мавзу, муҳим вазифа саналган.

 

ТАРБИЯДА ФИЛЬМЛАРНИНГ ЎРНИ ҚАНДАЙ?

 

Бизни ўраб турган муҳитда чалғитувчи омиллар бисёр, қонимизда эса чалғишга мойиллик уйғотувчи қусурлар мавжуд. Биргина мисол: аҳолимизнинг аксари севиб томоша қиладиган ҳинд фильмлари узоқ вақт қадриятларимизга қарши ишлаб келди. Удумларимизни улуғлашга эмас, улардан узоқлаштиришга хизмат қилди. Иродаси суст, ташқи таъсирларга тез берилувчан баъзи фуқароларимиз фильмларга тақлидан айрим номаъқулчиликлардан ўзларини тия олмаган ҳоллар ҳам учради (бундай ҳоллар фақат ҳинд фильмларига тааллуқли эмас. Бинобарин, катта экранларда “Фантомас” фильми намойиш этилганида ўғирлик жиноятлари кўпайгани, Арнолд Шварсенеггер, Жан Клод ван Дам иштирокидаги фильмлар таъсирида кўча-кўйда муштлашувлар, майда безорилик иллатлари урчиганини катта ёшдагилар яхши эслашади).

 

Қизиғи шундаки, шўро даврида адабиёт ва санъат асарлари устидан қаттиқ назорат ўрнатилган, сензуранинг таъсири кучли бўлган. Бироқ фильмлардаги миллий менталитетимизга зид бўлган бу сюжетларга ҳеч ким эътироз билдирмаган. Балки атай қилингандир! Бунинг битта сабаби бор, у ҳам бўлса ўша давр ҳинд фильмларида уятсиз саҳналарнинг деярли учрамаслиги, деган фаразга тўхталамиз. Худди мана шу омил, ҳатто, нуқтадон назоратчиларни ҳам чалғитган бўлиши керак. Ҳозирги аксарият фильмларда, шу жумладан, ҳинд фильмларида ҳам уятсиз саҳналар тобора урчиб бормоқдаки, бундай фильмларни оилангиз билан бирга томоша қила олмайсиз.

 

Ўз вақтида бу ҳам бир тарғибот усули бўлган, албатта! Бугун бу каби тарғиботлар кенг миқёс касб этди. Ахборот ташувчи технологиялар шу қадар ривожландики, энди дунёнинг бирор бир мамлакатида барқарорликни издан чиқариш учун катта бир армия керак бўлмай қолди. Ахборот хуружларининг ўзи буни осонгина ҳал этяпти.

 

ТEЗ ЎЗГАРАЁТГАН ДУНЁ ИНСОНИЯТНИ ТУРЛИ ХАВФ-ХАТАРЛАРГА ДУЧОР ҚИЛМОҚДА

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида: “Бугунги тез ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги, буюк имкониятлар очмоқда. Шу билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор қилмоқда. Ғаразли кучлар содда, ғўр болаларни ўз ота-онасига, ўз юртига қарши қайраб, уларнинг ҳаётига, умрига зомин бўлмоқда. Бундай кескин ва таҳликали шароитда биз, ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада оширишимиз керак. Болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбиялашимиз лозим”, дея таъкидлаган эди.

 

Дарҳақиқат, бугунги дунёда кечаётган интеграциялашув жараёнида ахборот оқимлари шу қадар кўпайиб кетдики, ўсмирлар у ёқда турсин, ҳатто ақлу ҳушини йиғиб олган кишилар ҳам интернетдаги хабарларнинг қайси бири тўғрию қайсиси нотўғри эканини ажрата олмай қоляпти.

 

Айтиш жоизки, интернет глобал тармоғининг умумтараққиётга таъсири – рад этиб бўлмайдиган ҳақиқат, бироқ у айрим ёшларимизнинг маънавий иммунитетини сиқиб олаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

 

Баъзи бузғунчи сайтларда инсоннинг имонини издан чиқаришга қаратилган зўравонлик, беҳаёлик, одобсизлик ва фаҳшни, наркотик, экстремизм ва террорни тарғиб этадиган намойишларга очиқдан-очиқ ўрин берилган. Бузғунчиликнинг барча кўринишлари худди кўргазмага қўйилгандек – кино қилиб кўрсатилмоқда. Биласиз, кўнгилочар тадбирлар ичида кино қанчалик таъсир кучига эга. Ўтган асрнинг “доҳий”ларидан бири бу борада гапириб, “санъатлар ичида энг яхшиси – кино” деганида, унинг мана шу таъсирчан қудратини назарда тутган бўлса ажаб эмас.

 

БУЗҒУНЧИ ҒОЯЛАРДАН ЯНА BIRI...

 

Интернет глобал тармоғи орқали тарғиб қилинаётган бузғунчи ғоялардан яна бири “оммавий маданият”дир. Бу ҳам ўзликни, ўтмишни унутишга қаратилган ғараз ниятларнинг ифодаси аслида. Кимлардир ўзи ботган шалтоққа бошқаларни ҳам тортмоқчи. Бу каби тарғиботлар таъсирига берилиш ўзини ўзи шарманда қилишдан бошқа нарса эмас. Бунга тарих кўп бор гувоҳ бўлган. ХИХ асрда яшаган рус адабиётшуноси V.G.Belinskiy Петр И даврида Европа маданиятини русларга сингдириш учун қилинган хатти-ҳаракатларни заҳарханда қилиб, “Европа либосини кийган рус европаликларнинг олдида ўзини пародия қилгани қолди”, деб ёзган эди. Чунки асрлар оша кийишга одатланган чакмонларини ечиб, торгина ботфорт ва сюртик кийган дворянлар, сарой аёнлари ўзларини ноқулай ҳис қилар, айниқса, хонимларнинг қўлини ўпиш учун эгилаётганларида, бунга одатланмаганлари боис париклари қийшайиб кетар ёки ўзлари мункиб, йиқилиб тушишларига оз қолар экан.

 

Башарти миллий менталитетимизга зид бўлган удумларни, расм-русмларни кўр-кўрона ўзлаштириш ҳам шундай оқибатга олиб келади. Хўш, интернет глобал тармоғи мавжуд, ундан фойдаланиш ихтиёрий. Кимнинг қайси сайтда сайрқилаётгани, қайси эҳтиёжларини қондираётгани фақат ўзига аён. Ҳар бир кишининг устидан назорат ўрнатишнинг иложи йўқ, имкони бўлган тақдирда ҳам мумкин эмас, бу – халқаро ҳуқуқ талабларига зид.

 

ФАРЗАНДЛАРИМИЗНИ ИНТEРНEТ МУТEЛИГИДАН ҚАНДАЙ АСРАШ МУМКИН?

 

Мана шундай вазиятда фарзандларимизни интернет мутелигидан асрашнинг қандай самарали воситалари бўлиши мумкин? Менинг назаримда, бу ишни, энг аввало, ота-оналар, оила ўз зиммасига олмоғи даркор. Фарзандининг келажаги учун масъуллик ҳисси улардан ўта ҳушёрликни, доимий диққат-эътиборда бўлишни талаб этади. Қолаверса, бу ҳеч қайси қонунда тақиқланмаган. Жамоатчилик эса бу ишда кўмакдош. Хусусан, баҳамжиҳат бўлиб болаларимизда маънавий иммунитетни ҳосил қилсак, компьютер қаршисида сарф бўлаётган вақтнинг қадр-қийматини тушунтирсак, зарарли ғояларга илакишиб қолишнинг аянчли оқибатларини англата олсак, сохта демократия ниқоби остида тиқиштирилаётган эгосентристик ғоялар остида қандай ғаразли мақсадлар ётганини исбот қилиб бера олсак, фарзандларимизни мушоҳада қобилиятида мосуво зомбиларга айланишдан асраб қолган бўламиз. Зотан, ҳаётимизнинг бор мазмун-моҳияти ҳам шу аслида. Зеро, юнон файласуфи Эпиктет айтганидек, “бир солиҳ фарзанд тарбияси улуғ бир кашфиёт билан тенг!»

 

Юқорида ўз номини мангулик тоқига муҳрлаш баробарида ўзи мансуб бўлган миллат шаънини шарафлаган улуғ зотлар – бобокалонларимизнинг номларини зикр этиб ўтгандик. Фикримизни мухтасар қилиш арафасида Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг тариқатидан жой олган бир таълимотни тилга олсак: “Хилват дар анжуман”. Бунда тариқат пири инсоннинг хилватда хулқи қандай бўлса, кўпчиликнинг ичида ҳам шу ҳолатда бўлиши лозимлигидан сабоқ беради. Чунки хилватда чалғитувчи унсурлар деярли йўқ, анжуманда эса ҳаддидан зиёд – ҳар икки ҳолатда ҳам чалғимаслик комилликдан далолатдир.

 

Алқисса, улуғлар улғайган юрт фарзандлари эканимизни унутмасак, улуғларимиздан улуғлик улгусини олсак – миллий тикланишдан, миллий юксалиш сари юз тутган Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшамиз ва келажаги буюк Ўзбекистонга муносиб фарзанд бўламиз.

 

Худоёр МАМАТОВ,

Марказий сайлов комиссияси котибият раҳбари,

юридик фанлари доктори, профессор.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур