МИЛЛИЙ ҒУРУР, ЮКСАК ШАРАФ ВА ҚАДР АЙЁМИ

02.02.2023

3767

msk_yangiliklari_in

Мамлакатимизда “Инсон қадри учун” эзгу ғояси атрофида бирлашиб, юксак мақсад — демократик ва эркин янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида собитқадамлик билан амалга оширилаётган кенг қамровли ва жадал ислоҳотларни халқимиз ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Бу — нафақат миллий, балки хорижий мамлакатларнинг нуфузли давлат ва сиёсат арбоблари, атоқли олимлари, экспертлари ҳамда мутахассислари томонидан ҳам кенг эътироф этилган ёрқин ҳақиқатдир.

 

21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни

 

Ислоҳотлар жараёнида барча ташкилот ва идораларда давлат тилининг нуфузини муттасил ошириб боришга доимий эътибор қаратилаётгани эътирофга моликдир.

 

Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижроси бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ва халқаро миқёсдаги обрў-эътибори изчил юксалиб бормоқда. Унинг униб-ўсиб келаётган авлодни Ватанга, миллий анъаналаримиз ва қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялашдаги ўрни ва аҳамияти янада ошяпти.

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинган кун — 21 октябрь санасининг “Ўзбек тили байрами куни” деб қонунан белгиланиши ва ҳар йили кенг нишонлаб келинаётгани мамлакатимизнинг янги тарихи, янги тараққиёт босқичида амалга оширилаётган буюк ислоҳотларнинг юксак самараси, мустақил Ватанамиз ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, маданий, маънавий ҳаётидаги улкан воқеадир.

 

Эъзоз ва эътибор

 

Ўзбек тили ўзининг қадимий ва бой тарихида ҳеч қачон давлат ва жамиятнинг ҳозиргидек юксак эъзоз-эътибори ва ғамхўрлигига сазовор бўлмагани аён ҳақиқатдир. Бугун дунёда эллик миллиондан ортиқ киши Алишер Навоийнинг тилида сўзлашади. Минглаб олий ва ўрта таълим муассасалари, жумладан, хориждаги таълим даргоҳлари ҳамда марказларида ўзбек тилини астойдил, севиб ўрганаётган бошқа миллатлар вакилларининг сафи тобора кенгайиб бормоқда.

 

Ўзбекистоннинг давлат тилини ўрганиш ва унга эҳтиром кўрсатишга халқаро миқёсда ҳам сезиларли даражада эътибор ошди. Мамлакатимизда фаолият юритаётган халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари, хорижлик элчилар, тадбиркорлар ва чет эллик ёшлар ўртасида ўзбекча гапириш, ўзбек миллий куй-қўшиқлари, рақслари, либосларига меҳр қўйиш анъана тусини олмоқда.

 

Бу “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” дадил қадам қўйган янги Ўзбекистонда давлат тили бўйича юритилаётган халқпарвар ва тинчликпарвар давлат сиёсатининг юксак самараларидандир.

 

Номи қайд этилган Фармонга биноан она тилимизнинг истиқболдаги тараққиётига оид кўплаб масалалар қаторида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида маънавият ва давлат тилини ривожлантириш учун масъул алоҳида департамент ташкил этилгани ҳамда давлат тилини жорий этиш бўйича ислоҳотларнинг тизимли ва изчил йўлга қўйилганининг ўзи айни самараларга яна бир мисолдир.

 

Ўз вақтида ва узоқни кўзлаб ташкил этилган ушбу янги тузилма бугун давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан доимий мониторингни амалга ошириш, соҳада жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий қилиш борасидаги юксак самарали ишлар кўламини тобора кенгайтираётганини халқимиз ҳар қадамда кўриб-билиб ва ҳис қилиб турибди.

 

Қисқа муддат ичида барча давлат органлари, вазирлик, ҳокимлик, идора ва хўжалик бирлашмалари раҳбарларининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилари фаолияти самарали йўлга қўйилди. Бошқача айтганда, энди давлатимизнинг юқоридан қуйигача бўлган барча ташкилотларида давлат тилига оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши бўйича масъул ваколатли вакиллари фаол иш олиб бормоқда. Улар ўз сафига ўзбек тили бўйича етук мутахассислар — шоирлар, ёзувчилар, адабиётшунослар ва журналистларни бирлаштирган.

 

Ўзбек тили байрами — она тилимизни шарафлаш, унинг қаддини ва қадрини янада юксалтириш айёмидир. Айни пайтда, бу байрам давлат тилининг Ўзбекистонда яшаётган барча миллатлар ва элатларнинг севимли тилига, маънавий эҳтиёжига, фахр-ифтихорига, Мустақиллик, Наврўз айёмлари, Конституция куни, Ўқитувчилар ва мураббийлар куни каби умумхалқ байрамлари, эл-улусни бирлаштирувчи, ҳамжиҳатликка чорловчи, юртимизда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамловчи муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир.

 

Ўзгаришлар кўлами

 

Жойларда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами кенг, самаралари эса юксакдир.

 

Йўқ, бу шунчаки, расми одат учун айтилаётган гап эмас. Узоққа бормай, интернетнинг ижтимоий тармоқларига киринг ва икки-уч йилнинг нари-берисида, тилмоч топилиши гумон хорижда эмас, пойтахтимиз Тошкентда ўтган чоғироқ халқаро анжуманда Ўзбекистоннинг бир вазири давлат тилида гапирганига доир шов-шувли хабарларга кўзингиз тушади: “Офарин ва тасанно! Ўзбекча гапирдия! Қойил!..”

 

Бугун бундай ҳайратомуз гаплару саволларга ўрин қолмади. Давлатимиз раҳбари томонидан ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш бўйича белгилаб берилган аниқ ҳамда қатъий вазифаларнинг ижроси изчил таъминланмоқда. Шавкат Мирзиёев бу борада ҳам барчамизга шахсан ўзи ибрат кўрсатаётганини алоҳида таъкидлашга ҳожат йўқ, деб ўйлаймиз.

 

Президентимиз 2021 йил 21 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлагани она тилимизнинг халқаро нуфузини чандон оширди. Ўзбек тили яқин-яқинларгача уй-рўзғор тили, расмий доираларда эса таржима тили бўлиб келганини эсласак, давлатимиз раҳбарининг бу ташаббуси нақадар улкан тарихий аҳамиятга эга экани янада ёрқин намоён бўлади.

 

Давлат тилини амалда қўллаш, тарғиб қилиш ва ўрганиш ҳақида фикр юритар эканмиз, яна бир мисолни четлаб ўтолмаймиз. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг ижроси юзасидан ўтказилган ички мониторинг ва ҳужжатлар хатлови натижаларининг таҳлили шуни кўрсатдики, турли миллатлар вакиллари меҳнат қиладиган жамоанинг барча аъзолари давлат тилини пишиқ-пухта билади. Ўзбек тилида иш юритиш мавжуд қонунчилик талаблари асосида ташкил этилган.

 

Қайд этиш ўринлики, давлат тилига оид қонунчилик талабларига риоя этилиши юзасидан бундай кенг кўламли ўрганиш, таҳлил ва таққослар Марказий сайлов комиссияси тарихида илк бор ўтказилди.

 

Комиссиянинг барча мажлислари, матбуот анжуманлари, брифинглар, конференциялар, семинарлар, халқаро тадбирлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, жумладан, хорижлик журналистлар иштирокида, очиқ-ошкора ва давлат тилида ўтказилади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар олимлар, экспертлар ва мутахассислар иштирокида ўзбек тилида ишлаб чиқилади, муҳокама этилади, лингвистик экспертизадан ўтказилади ва қабул қилинади.

 

Марказий сайлов комиссиясининг барча ёрлиқли бланкалари, муҳрлари, штамплари, реквизитлари, шунингдек, Комиссия биносида ўрнатилган барча ташқи ёзувлар, жумладан, эълонлар, кўргазмали бошқа ахборот матнлари давлат тилида ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтказилган.

 

Марказий сайлов комиссияси раҳбарияти имзолаган фармойишлар, баённомалар, дастурлар, ички низомлар, йўриқномалар, топшириқномалар ҳамда Комиссия томонидан қабул қилинган ва тасдиқланган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар — қарорлар, низомлар, баённомалар, йўриқномалар, топшириқномалар, ахборотномалар “Давлат тили ҳақида”ги қонун талабларига биноан қабул қилинади.

 

Шунингдек, миллий сайлов тизимига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, мақолалар, маърузалар ҳамда сайловларга оид халқаро янгиликлар Марказий сайлов комиссиясининг расмий сайти (elections.uz) ва ижтимоий тармоқлардаги барча саҳифалари орқали давлат тилида ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида мунтазам ёритиб борилмоқда. Сайлов соҳасига оид халқаро сўзлар ва атамаларнинг давлат тилидаги муқобилларини ишлаб чиқиш бўйича таклифлар тайёрланмоқда.

 

Майда ишнинг ўзи йўқ

 

Комиссия фаолиятида давлат тилини фаол ўрганиш ва тарғиб қилиш борасида жорий этилган муҳим янгиликлардан яна бири — жамоанинг атоқли олимлар, адиблар ва сиёсат арбоблари билан бевосита мулоқотлари мунтазамлик касб этганидир.

 

Бундай учрашувларда давлат тилини ривожлантириш, сўз масъулияти, сайлов қонунчилиги ва амалиёти, парламент ҳаёти, инсон маънавияти, адабиёт, китобхонлик борасида қизиқарли суҳбат, савол-жавоблар бўлади.

 

Айни пайтда, Марказий сайлов комиссияси Котибиятининг икки нафар ходими Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида билим ва кўникмасини мустаҳкамлади. Комиссиянинг кутубхонаси давлат тилига оид янги луғатлар, энциклопедиялар, қўлланмалар ва бошқа зарур нашрлар билан босма ҳамда электрон шаклда бойитиб борилмоқда.

 

Миллий сайлов тизимида давлат тилини жорий этиш ва ривожлантиришга қаратилаётган бундай доимий эътиборнинг юксак самаралари 2019 йил 22 декабрь куни мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга, 2021 йил 24 октябрда ўтказилган Президент сайловлари жараёнида ёрқин намоён бўлгани, нафақат мамлакатимиз жамоатчилиги, балки халқаро ташкилотларнинг ушбу сайловларни кузатиб борган миссиялари, хорижий давлатларнинг кузатувчилари томонидан ҳам алоҳида эътироф этилгани юқоридаги фикрларимизнинг яққол далилидир.

 

Аниқликда ҳикмат кўп

 

Давлат тилига оид энг сўнгги янгиликлардан бири — жорий йилнинг ёзида “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши ва 9 сентябрдан кучга киритилиши билан боғлиқ.

 

Рекламаларнинг тили, маъно-мазмуни, ҳажми, эълон қилиниш вақти, реклама берувчининг ва тарқатувчининг масъулиятига доир муаммолар жамоатчиликнинг талай эътирозларига сабаб бўлиб келаётган эди. Сабабки, 1998 йилнинг декабридан, мазкур йўналишдаги илк қонун қабул қилинганидан буён, орадан қарийб чорак аср ўтди. Сирасини айтганда, чорак аср аввал мамлакатимизда реклама қилинадиган маҳсулоту хизматлар бугунгидек ошиб-тошиб ётгани йўқ, реклама бозори ҳали шаклланмаган эди. Сўнгги йилларда барча жабҳаларда амалга оширилаётган кўламдор ислоҳотлар самарасида эндиликда ўз маҳсулотларини ва хизматларини таклиф этаётган миллионлаб реклама берувчилар ҳамда тарқатувчилар пайдо бўлди. Миллий реклама бозори тўла шаклланди ва бугун гуркираб ривожланмоқда.

 

Янги қонунда мамлакатимиз иқтисодиёти ва халқимиз ҳаётидаги ана шу улкан юксалиш билан боғлиқ муҳим ўзгаришларга доир янги қоида ва нормалар ўз ифодасини топган. Қонуннинг “Рекламанинг тили” деб номланган 6-моддаси алоҳида эътиборга молик. Унга кўра:

 

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида тарқатилади.

 

Реклама мазмунининг таржимаси қуйидаги талабларга риоя этган ҳолда бошқа тилларда такрор берилиши мумкин:

 

реклама мазмунининг бошқа тиллардаги таржимаси матни унинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги асосий маъносини бузиб кўрсатмаслиги керак;

 

ташқи реклама орқали жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матнининг пастки қисмида горизонталь ҳолда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг қирқ фоизидан ошмаслиги керак;

 

рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни ҳарфининг ўлчами Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матни ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши керак;

 

теле ва радиоканалларда, шунингдек, босма нашрларда тарқатиладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси ҳар кунги умумий реклама ҳажмининг йигирма фоизидан ошмаслиги керак.

 

Бу ўринда таъкидланадиган яна бир гап шундаки, аввалги қонунда рекламанинг тилига доир модда мужмалроқ тузилган ягона банддан иборат эди. Янги қонунга қарасангиз, энди уларнинг сони ўндан ошганига амин бўласиз. Илгари асосан муваққат низомлар ва йўриқномалар билан тартибга солинган талаблар янги қонунда нормалар шаклида ўзининг аниқ аксини топган. Бу ҳам давлат тилига бўлган эътибор ва эҳтиромнинг амалдаги бир кўринишидир.

 

Мунтазамлик

 

Албатта, ўзбек тилига оид неча ўн йиллар, ҳатто асрлар давомида йиғилиб қолган барча муаммони бир кунда ва бир зарб билан ҳал этишнинг иложи йўқ. Бу чўнг сабр-бардош, илмий изланишлар, ҳамжиҳатлик ва собитқадамлик билан амалга ошириладиган, катта малағ ва заҳмат талаб қиладиган иш эканлиги аён.

 

Шу ўринда давлат тилини жорий этиш ва тарғиб қилишга доир энг катта муаммолардан бири барҳам топганига эътиборингизни қаратмоқчимиз. Илгари оммавий ахборот воситаларида давлат тилига оид материаллар — мақолалар, кўрсатув ва эшиттиришлар онда-сонда, асосан 21 октябрь — “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган кун арафасида пайдо бўлиб қолар, кейин йил-ўн икки ой гўё унутилар эди. Энди давлат тилини тарғиб қилиш ва ривожлантиришга оид чиқишлар жараёни изчиллик ва мунтазамлик касб этганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

 

Мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситалари — босма ва интернет нашрлар, радио ва телеканаллар, ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларда давлат тилига оид масалаларнинг ёритилиши билан қизиқиб кўрсангиз, ҳар куни каттадир-кичикдир мақола, суҳбат, видеолавҳа, ролик ва бошқа ранг-баранг материалларни топасиз. Уларнинг орасида таҳлилий-танқидий чиқишлардан то мавжуд муаммоларгача, жойлардаги янгиликлардан то шикоят хатларигача бор. Бу — очиқлик ва ошкораликни ўзи учун дастуриламал деб билган эркин, демократик жамиятга хос табиий жараён. Бу — давлат тилини ўрганиш, ривожлантириш ва амалда қўллаш мамлакатимизда умумиллий ҳаракатга айланиб бораётганидан далолат.

 

Президентимиз алоҳида таъкидлаганидек: “Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак”. Бундай изчил ишлар мамлакатимизда барча соҳа ва йўналишларда давлат тилини амалда жорий этиш ва қўллаш, мустақил давлатимиз тилининг янада сайқал топиши, ривожланиши ва халқаро миқёсда ҳам ўзининг қатъий ўрнига эга бўлишига хизмат қилмоқда. Давлат тилини билиш, мазкур тильда иш юритиш ва ушбу бебаҳо маданий бойлигимизни эъзозлаш барча ватандошларимизнинг маънавий эҳтиёжига айланиб бормоқда.

 

Қулман ОЧИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Марказий

сайлов комиссияси раисининг маслаҳатчиси,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

"Халқ сўзи" газетаси, 2022 йил 21 октябрь.

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур