• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
САЙЛОВЛАР СОҲАСИДА ЕХҲТ ДИИҲБ БИЛАН  МУЛОҚОТНИ ВА ЎЗАРО ҲАМКОРЛИКНИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАШ УЧУН МУҲИМ АСОС
29.04.2022
151
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси (МСК) шуни маълум қиладики, 2022 йил 22 апрель куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) ўзининг расмий сайтида 2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ДИИҲБ Сайловларни кузатиш бўйича миссиясининг Якуний ҳисоботини эълон қилди.

Қайд этиш зарурки, ДИИҲБ Сайловларни кузатиш бўйича миссиясининг эълон қилинган Якуний ҳисоботи ҳажман ва моҳиятан ғоят муҳим ва жиддий ҳужжат ҳисобланади. МСК томонидан сайлов жараёнининг барча иштирокчилари, экспертлар ва мутахассислар, фуқаролик жамияти институтлари, олимлар ва амалиётчилар жалб этилган ҳолда яқин вақт ичида мазкур Ҳисоботнинг батафсил таҳлили ўтказилади.

Якуний ҳисоботда ўтган сайлов кампаниясига баҳо берилган бўлиб, ДИИҲБ тавсияларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган ва сайлов жараёнини такомиллаштириш бўйича ишларни давом эттиришга қаратилган чора-тадбирлар таҳлили ўрин олган.

МСК, Якуний ҳисоботни сайловлар соҳасида ЕХҲТ ДИИҲБ билан мулоқот ва конструктив ҳамкорликни давом эттириш учун асос сифатида қабул қилиш мумкин, деб ҳисоблайди.

Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг ДИИҲБ билан сайловлар жараёнидаги ўзаро ҳамкорлиги тобора мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлаш зарур. Бюронинг Миссияси 1999 йилдан буён мамлакатимизда ўтказилган президент ва парламент сайловларида кузатувчи сифатида иштирок этиб келмоқда. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистонда сайловларни мамлакатимиз сайловлар соҳасида олган мажбуриятлар, умумэътироф этилган тамойиллар ва энг илғор амалиёт асосида адолатли, ҳалол ва шаффоф ўтказишга хизмат қилмоқда.

Конструктив ҳамкорлик борасида миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш, сайлов қонунчилиги ва амалиётини умумэътироф этилган халқаро демократик сайлов стандартларига уйғунлаштириш орқали фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини янада кенгроқ ва тўлароқ таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Сайловлар соҳасидаги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш йўли билан ягона Сайлов кодексига кодификация қилиниши, сайловлар жараёнига ахборот коммуникация технологияларининг жорий этилиши каби кўплаб кўраткичлар шундан ёрқин далолатдир.

Шу тариқа, ўтган сайлов кампаниялари ва уларга ДИИҲБнинг сайловларни кузатиш бўйича миссиялари ва бошқа халқаро ҳамда хорижий экспертлар томонидан берилган баҳоси Ўзбекистонда миллий демократик сайлов тизимининг шаклланиши ва ривожланишига ўзининг сезиларли таъсирини кўрсатди. Ҳар бир сайлов кампаниясига берилган баҳода мамлакатимизда сайловларни ташкил қилиш ва ўтказиш борасида муайян муваффақиятларни қайд этилмоқда.

Бу борада 2021 йили бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистонда сайловлар илк бор ЕХҲТ ДИИҲБ, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси ва Европа Парламентининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан кузатилди. Сайлов куни ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси ва Европа Парламенти делегациялари ДИИҲБ миссиясига қўшилиди ва шу тариқа 44 мамлакатдан 365 нафар кузатувчидан иборат Халқаро сайловни кузатиш миссияси шакллантирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш учун ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси илк бор 27 мамлакатдан 100 нафар парламентарий ҳамда ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси Президенти Маргарета Седерфельт ва Бош котиби Роберто Монтелладан иборат ўзининг нуфузли делегациясини юборди.

Европа парламенти делегацияси эса Ўзбекистонда сайловларни кузатишда биринчи бор иштирок этди.

Булар барчаси ЕХҲТ ДИИҲБ томонидан Ўзбекистонда сўнгги йилларда Ҳаракатлар стратегияси доирасида изчиллик билан амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар йўлини эътироф этиб, қўллаб-қувватлаётганидан далолатдир.

Якуний ҳисоботда сайлов Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ижтимоий ва иқтисодий, сиёсий ва ҳуқуқий соҳаларда “Янги Ўзбекистон” шиори остида амалга оширилаётган ислоҳотлар стратегияси жараёнида ўтганлиги тўғрисида ҳулоса қилинган.

Эътироф этилганки, Ўзбекистон сўнгги йилларда сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида салмоқли ютуқларни қўлга киритган, сайлов қонунчилигида туб ислоҳотларга эришган. Бу эса ЕХҲТ ДИИҲБ томонидан таклиф этилган тавсияларни имплементация қилишга хизмат қилган.

Сайлов кампаниясини монеликларсиз ўтказиш кафолатларининг мустаҳкамланишидан мамнуният билдирилиб, маъмурий ресурслардан фойдаланишга оид фактларни истисно қилишга доир чора-тадбирлар юқори баҳоланган, сайлов ҳуқуқини ҳуқуқий ҳимоя қилиш кафолатларининг мустаҳкамланиши қайд этилган.

МСКнинг Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасидаги фаолиятига юксак баҳо берилган: “Сайловга тайёргарлик кўриш ишлари юқори самара ва катта уюшқоқлик билан амалга оширилди”, деб қайд этилган. Таъкидланишича, CОVID-19 билан боғлиқ муаммоларга қарамай, МСК ўз фаолиятини юксак ташкилий даражада, сифатли, ва қонунчиликда белгиланган муддатларда самарали ташкил этган.

Сайлов кампаниясининг очиқ ва ошкора ўтказилгани ижобий баҳоланган. Қайд этилишича, МСКнинг барча мажлислари илк бор кенг жамоатчилик эътиборига очиқ-ошкора, онлайн трансляция қилинган, МСК қарорлари эса Комиссия веб-сайтида дарҳол чоп этилган, округ сайлов комиссиялари билан жонли видеоконференциялар мунтазам ўтказилган.

Сайловда имконияти чекланган шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги чора-тадбирларга ҳам ижобий баҳо берилган. “Қонунга кўра, барча сайлов участкалари ногиронлиги бўлган сайловчилар учун қулай бўлиши керак ва МСК турли хил ногиронлиги бўлган шахсларнинг барча сайлов участкаларида овоз беришда иштирок этишини осонлаштириш чоралари кўрилди. Сайловчига ўз хоҳишига кўра бошқа шахс ёрдамидан фойдаланиш имконияти, сайлов участкаларини нишаб йўлаклар (пандуслар) билан жиҳозлаш, ногиронлар аравачасига мосланган овоз бериш кабиналари, Брайль алифбосидаги махсус трафаретлар ва лупалар шулар жумласидандир”.

Сайловолди ташвиқоти тадбирларида имконияти чекланган шахслар иштироки учун шароитлар таъминлангани қайд этилган. Бундай учрашувларда имо-ишора тилидан (сурдо таржимадан), жумладан видео алоқа орқали фойдланилган.

“МСК сайловчиларни, шу жумладан кам сонли миллатларнинг тилларида, сайлов кунидан анча олдин хабардор қилиш учун кенг қамровли ва инклюзив кампания ташкил эта олди. Ногиронлар учун яратилган қулайликларни янада кенгайтириш учун бир нечта янги қоидалар жорий қилинди",- дейилади Якуни ҳисоботда.

ДИИҲБ Миссияси томонидан ўтказилган оммавий ахборот воситалари мониторингида овоз беришда фаол қатнашиш бўйича кампания тўққиз тилда олиб борилгани қайд этилди. Сайловолди материаллари, шу жумладан сайлов қонунчилиги ва МСК қарорларига даҳлдор барча материаллар ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида эълон қилиб борилди, шунингдек интернетда қозоқ, қирғиз, тожик ва туркман тилларида тарқатилди.

Миссия сайлов куни овоз бериш жараёни осойишта ва тартибли ўтганини қайд этади. МСК бутун кун мобайнида фуқароларнинг овоз бериш жараёнидаги фаоллигига оид оралиқ натижалар ҳақида жамоатчиликни вақти-вақти билан хабардор этиб борди. Барча сайлов участкаларида сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар ҳозир бўлди. Сайловни, шунингдек халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлардан қарийб 1 000 нафар халқаро кузатувчи кузатиб борди. Овоз бериш жараёнини оммавий ахборот воситаларининг аккредитациядан ўтган 1 672 нафар чет эллик ва маҳаллий вакиллари кенг ёритиб борди. Бу сайлов жараёнининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.

Сайловни ўтказиш учун мамлакатда 10 761 та сайлов учаткаси ташкил этилди. Халқаро сайловни кузатиш миссияси 1 267 та сайлов участкасида овоз беришни кузатиб борди. Шундан, овоз бериш жараёни билан боғлиқ айрим салбий жиҳатлар 139 та (11 фоиз) сайлов участкасидагина қайд этилди.

Айни пайтда, Якуний ҳисоботда сайлов жараёнларини билан боғлиқ камчиликлар ҳам кўрсатиб ўтилган. МСКнинг фикрича, баъзи камчиликлар қонунчилик томонидан тартибга солиш ва амалиётининг ўзига хос жиҳатлари, ҳудудий, миллий ва маданий шарт-шароитларни ҳисобга олганда, камчилик бўлмаслиги ҳам мумкин.

ЕХҲТ ДИИҲБ сайлов жараёнларини янада такомиллаштиришда Ўзбекистонга техник ёрдам беришга тайёр эканлигини билдириб, Якуний ҳисоботда бир қатор тавсияларини таклиф этган. МСК таклиф этилган мазкур тавсиялар ЕХҲТ ДИИҲБ билан ҳамкорликда ҳар томонлама кўриб чиқилади ва натижаси бўйича Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини янада такомилаштириш, сайлов амалиёти самарадорлигини янада ошириш бўйича, хусусан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган устувор вазифларни амалга ошириш доирасида таклифлар ишлаб чиқилади деб умид билдиради.

Марказий сайлов комиссияси ЕХҲТ ДИИҲБ билан қарор топган ҳамкорликни юксак қадрлайди, ўзаро манфаатли ҳамкорлик янада самаралироқ бўлишига ва мамлакатимиз сайлов амалиётида ўзининг ижобий инъикосини топишига ишонч билдиради.

 

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси