• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши
05.10.2021
2670
2021 йил 5 октябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлисни Комиссия Раиси З.Низамходжаев олиб борди.

Мажлис кун тартибидан сайлов участкаларида сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз беришини ташкил этиш,  Ўзбекистон Президенти сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш ҳамда Оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масалалари жой олди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан айрим округ сайлов комиссиялари раисларининг ахборотлари тингланди.

Комиссия аъзолари дастлаб Сайлов участкаларида сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз беришини ташкил этиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишди.

Сайлов кодексининг 57-моддасига мувофиқ, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади.

Сайлов кодексининг 561-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига ва чет давлатларнинг ваколатли давлат ҳокимияти органлари билан келишувларга мувофиқ чет давлатларнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудларда муддатидан олдин овоз бериш сайловчининг турган жойида ўтказилиши мумкин. Ўзбекистон Республикасининг чет давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхонаси ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг турган жойида овоз бериш вақти ҳамда жойи тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақда сайловчиларни, кузатувчиларни оммавий ахборот воситалари орқали хабардор этади.

Мажлисда қайд этилганидек, муддатидан олдин овоз бериш 2021 йил 14 октябрь куни бошланиб 2021 йил 20 октябрнинг якунига қадар ўтказилади. Сайлов участкасида муддатидан олдин овоз бериш вақти соат 9:00 дан соат 19:00 га қадар давом этади.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 9:00 дан соат 19:00 га қадар амалга оширилади.

Комиссия аъзолари томонидан  Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек,  Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ­65 нафар хорижий (халқаро) кузатувчиларни аккредитациядан ўтказиш бўйича МСКга тақдимномалар киритилди. Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги МСК қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унга мувофиқ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демокартик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Парламентлараро ассамблеяси, Халқаро Гаага конференцияси каби халқаро ташкилотлардан, шунингдек, Белгия, Греция, Франция, Италия, Нидерландия, Озарбайжон, Россия, Арманистон, Тожикистон, Украина каби давлатлардан жами 65 нафар халқаро кузатувчи рўйхатдан ўтказилди.

 Шундай қилиб, шу кунга қадар аккредитациядан ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар умумий сони 224  нафарни ташкил этмоқда. Марказий сайлов комиссияси халқаро кузатувчиларга сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ўз фаолиятларини амалга оширишлари учун мандатларни қонунда белгиланган муддатда тақдим этмоқда.

Комиссия аъзолари томонидан оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, ўтган вақт давомида Марказий сайлов комиссиясига 17 та маҳаллий ва  ­84 та хорижий Оммавий ахборот воситаси томонидан мурожаат келиб тушган. Мажлисда Оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси бир овоздан маъқулланди ҳамда жами 179 нафар­ маҳаллий ва хорижий ОАВ вакили аккредитациядан ўтказилди.  

Эндиликда аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ОАВ вакиллари жами ­1334 нафар,  хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари эса 146  нафарни ташкил этмоқда.

Мажлис давомида Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Сирдарё  ва Тошкент вилояти сайлов округлари раисларининг сайловга тайёргарлик кўриш бўйича ҳисоботлари тингланди.

Мажлисда кун тартибига киритилган қарорлар очиқ овоз бериш орқали, комиссия аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилинди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати