• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Сиёсий партияларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишига расман ижозат берилди
14.08.2021
1438
2021 йил 14 август куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни Комиссия Раиси З.Низамходжаев олиб борди.

 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг шахсий таркибини тасдиқлаш, сиёсий партияларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишига ижозат бериш ва оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

Марказий сайлов комиссияси аъзолари мажлис кун тартибидаги биринчи масала – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг шахсий таркибини тасдиқлаш масаласини кўриб чиқдилар.

Мамлакатимиз сайлов қонунчилигига мувофиқ, округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан сайлов округлари тузилганидан сўнг уч кун ичида Марказий сайлов комиссиясига тавсия этилди. Сайлов кодексида округ сайлов комиссияси аъзолари сони 21 нафаргача бўлиши белгиланган.

Йиғилишда барча округ сайлов комиссияларига тавсия этилган номзодлар ўрганиб чиқилиб, тасдиқланди.

Айни пайтда 14 та сайлов округидаги сайлов комиссияси аъзолари сони 266 нафарни ташкил этмоқда. Улардан 104 нафарини аёллар (39%), 14 нафарини ногиронлиги бор шахслар (5%) ташкил этмоқда. Мутахассислиги кесими бўйича олганда, 32 нафари ҳуқуқшунос (12%), 21 нафари шифокор (8%), 26 нафари муҳандис (10%), 90 нафари педагог (34%), 41 нафари иқтисодчи (15%), 11 нафари журналист (4%) ва 45 нафари (17%) бошқа соҳа вакилларидан иборатдир.

Шунингдек, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16, 63-моддаларига мувофиқ Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Экология партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишга ижозат беришни сўраб тақдим қилган ҳужжатларини кўриб чиқиб, мазкур партияларга 2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши учун ижозат берди.

Энди сиёсий партиялар Марказий сайлов комиссиясига Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни рўйхатга олишни илтимос қилиб ариза билан мурожаат эта оладилар. Бунда улар томонидан сиёсий партия юқори органининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги қарори, сиёсий партия юқори органи мажлисининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, касби, лавозими, иш ва яшаш жойи, партиявийлиги кўрсатилган баённомаси, номзоднинг ўз номзоди овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси, номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари ҳам топширилади. Мазкур имзо варақаларида Ўзбекистон Республикаси жами сайловчилари умумий сонининг камида бир фоизининг имзоси бўлиши керак.

Мажлисда, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакилларининг аккредитацияси тўғрисидаги қарор лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Айтиш жоизки, Марказий сайлов комиссияси оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик, сайлов жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалаларига доимо катта эътибор қаратиб келади. Сайловлар даврида журналистларга ўз фаолиятларини амалга оширишлари учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида уларни аккредитациядан ўтказиш давом этмоқда.

Ҳозирги пайтда Марказий сайлов комиссиясига аккредитациядан ўтказишни сўраб кўплаб оммавий ахборот воситаларидан мурожаатлар келмоқда. Шу кунгача 700 нафардан зиёд ОАВ вакиллари аккредитациядан ўтказилди.

Мажлис сўнгида кун тартибига киритилган масалалар юзасидан Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Шу куннинг ўзида мазкур сиёсий партияларга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишга ижозат бериш тўғрисидаги гувоҳномалар ҳамда белгиланган миқдорда имзо варақаларининг бланкалари топширилди. Шу билан бирга, аккредитациядан ўтган журналистларга ҳам тегишли тартибдаги гувоҳномалар берилди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати.