• eye Махсус имкониятлар
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳужжатлари
27.07.2021
616

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг сайловларга тааллуқли қисқартмалари

 

Копенгаген 1990 йил

(5) (Иштирок этувчи давлатлар) тантанали равишда шуни баён қиладиларки, инсон шахсига хос бўлган қадр-қимматни ҳамда барча одамларнинг тенг ва ажралмас ҳуқуқларини тўлароқ ифода этиш учун зарур бўлган адолат элементлари сирасига қуйидагилар киради:

(5.1) амалиётда сайловчиларнинг ўз вакилларини сайлашлари чоғида фикр билдиришни таъминлайдиган шароитларда яширин овоз бериш ёки шунга тенг келадиган овоз бериш йўли билан оқилона вақт оралиқлари ўртасида ўтказиладиган эркин сайловлар;

(...)

(6) Иштирок этувчи давлатлар шуни баён қиладиларки, мунтазам ўтказиладиган ва ҳақиқий сайловлар борасида эркин ҳамда ростакамига ифода этиладиган халқ иродаси ҳокимият ва ҳар қандай ҳукумат қонунийлигининг асосидир. Иштирок этувчи давлатлар тегишинча ўз фуқароларининг бевосита ёки ҳақиқий сайлов жараёнида ўзлари эркин сайлайдиган вакиллар орқали мамлакатни бошқаришда қатнашиш ҳуқуқларини ҳурмат қиладилар (...)

(7) Халқ иродаси ҳукумат ҳокимиятининг асоси бўлиб хизмат қилиши учун иштирок этувчи давлатлар:

(7.1) қонунда белгиланганидек оқилона вақт оралиғида эркин сайлов ўтказадилар;

(7.2) миллий қонун чиқарувчи органнинг ҳеч бўлмаса бир палатасидаги ҳамма мандатлар умумхалқ сайлови жараёнида номзодлар эркин тортишувининг объекти бўлишига йўл қўядилар;

(7.3) катта ёшдаги фуқароларга умумий ва тенг сайлов ҳуқуқини кафолатлайдилар;

(7.4) овоз бериш яширин ўтказилишини ёки эркин овоз беришга тенг келадиган тартибот қўлланилишини ва овозларни ҳисоблаш ҳамда бу ҳақдаги ахборот ҳаққоний бўлишини, унинг расмий якунлари эса матбуотда эълон қилинишини таъминлайдилар;

(7.5) фуқароларнинг шахс сифатида ёки сиёсий партияларнинг ёхуд ташкилотларнинг вакили сифатида, камситишсиз, сиёсий ёки давлат лавозимларига эришиш ҳуқуқларини ҳурмат қиладилар;

(7.6) алоҳида шахсларнинг ёки шахслар гуруҳларининг тўла эркинлик шароитида ўз сиёсий партияларини ёки бошқа сиёсий ташкилотларни тузиш ҳуқуқини ҳурмат қиладилар ҳамда бундай сиёсий партиялар ва ташкилотларга ҳуқуқ ва давлат органлари олдида тенглик асосида, бир-бири билан мусобақалашиш имконини берувчи зарур юридик кафолатлар берадилар;

(7.7) ҳеч қандай маъмурий ҳаракат зўравонлик ёки қўрқитиш партия ва номзодларни ўз қарашлари ҳамда баҳоларини эркин баён этишдан тўхтата олмайдиган, шунингдек, сайловчиларга бу қарашлар ва баҳолар билан танишиш ва уларни муҳокама қилиш ёки жазоланишдан қўрқмасдан эркин овоз бериш учун ҳеч ким халақит бермайдиган эркинлик ва ҳаққонийлик шароитида сиёсий кампаниялар ўтказилишига қонун ва давлат сиёсати йўл қўйишини таъминлайдилар;

(7.8) оммавий ахборот воситаларидан монеликсиз фойдалана олиш учун сайлов жараёнида иштирок этишни хоҳловчи барча сиёсий гуруҳлар ва алоҳида шахсларга камситмаслик асосида қандайдир юридик ёки маъмурий тўсиқлар ўрнатилмаслигини таъминлайдилар;

(7.9) қонунда белгиланган зарур миқдорда овоз олган номзодлар лозим даражада мансабларини эгаллаши ва мансабларида ваколат муддати тугагунга ёки бошқа, демократик парламент ва конституциявий тартиботга мос равишда қонун билан мувофиқлаштириладиган тарзда улар тугатилгунга қадар қолишларини таъминлайдилар;

(8) Иштирок этувчи давлатлар ҳам хорижий, ҳам миллий кузатувчиларнинг ҳозир бўлиши сайлов ўтказиладиган давлат учун сайлов жараёнининг обрўсини ошириши мумкин, деб ҳисоблайдилар. Шунинг учун улар ЕХҲКда иштирок этувчи ҳар қандай бошқа давлатдан ҳамда қандай тегишли муассаса ва ташкилотлардан кузатувчиларни қонун йўл қўядиган даражада миллий сайлов боришини кузатиш учун таклиф қиладилар. Худди шунингдек, улар умуммиллий даражадан пастроқ даражада ўтказиладиган сайлов жараёнларида иштирок этиш учун ҳам кўмаклашишга ҳаракат қиладилар. Бундай кузатувчилар ўз зиммаларига сайлов жараёнига аралашмаслик мажбуриятини оладилар.

 

Париж 1990 йил (Демократия, тинчлик ва бирдамликнинг янги даври)

Биз, ҳеч қандай камситишларсиз ҳар бир инсон:

(...)

эркин ва адолатли сайловда қатнашиш,

(...)

ҳуқуқларига эга эканлигини тасдиқлаймиз.

(...)

Биз иштирок этувчи давлатларда сайловлар тўғрисидаги алоқалар ва ахборот айрибошлашга кўмаклашиш учун Варшавада Эркин сайловлар бўйича бюро ташкил этиш қарорини қабул қиламиз.

 

Женева 1991 йил

Иштирок этучи давлатлар умуммиллий даражадан анча паст даражада ўтказиладиган сайловда, шунингдек, озчиликни ташкил этувчи миллатлар яшайдиган ҳудудлардаги сайловда, қонун қанчалик йўл қўйишига қараб кузатувчиларнинг ҳозир бўлишини маъқуллайдилар ва буни таъминлашга ҳаракат қиладилар. (...)

 

Лиссабон 1996 йил (Олий даражадаги учрашув декларацияси)

9. (...) Инсонийлик мезонларининг ўткир муаммолари орасида ҳамон давом этаётган инсон ҳуқуқларини бузиш ҳоллари, чунончи (...) сайловдаги қаллобликлар (...) катта хавф бўлиб қолмоқда. Биз бу муаммоларни ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни давом эттиришга қатъий аҳд қилганмиз.

 

Истамбул 1999 йил (Олий даражадаги учрашув декларацияси)

26. Бизни кутаётган кўп сонли сайловларни ҳисобга олган ҳолда, улар эркин ва очиқ хусусиятларга, шунингдек ЕХҲТ доирасида қабул қилинган принциплар ва мажбуриятларга мувофиқ бўлишини таъминлашга тўла қатъиятдамиз. Бу демократик ривожланиш учун мустаҳкам асосни таъминлайдиган ягона йўлдир. Биз ДИИҲБнинг турли мамлакатларга ЕХҲТ доирасида қабул қилинган принциплар ва мажбуриятларга жавоб берадиган сайловлар тўғрисидаги қонунчиликни ишлаб чиқишга ёрдам кўрсатишидаги ролини муносиб баҳолаймиз ва у томонидан сайловларни ўтказишни баҳолашига ва тавсияларига дарҳол муносабат билдириш ниятидамиз. Биз ДИИҲБ ва ЕХҲТ Парламент ассамблеясининг демократик жараёнга қўшимча ҳисса бўлаётган сайловлардан олдинги, сайловлар пайтидаги ва сайловлардан кейинги ишини қадрлаймиз. Биз озчиликни ташкил қилган шахслар учун овоз бериш ҳуқуқини тўла ҳажмда ишонарли таъминлаш ва қочоқларга улар аввал бошдан яшаб келган мамлакатда ўтказилаётган сайловларда иштирок этиш учун шароитлар яратиш қатъий ниятидамиз. Биз ҳам номзодлар ўртасида, ҳам партиялар ўртасида ҳалол рақобатни таъминлаш, шу жумладан уларга оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишни тақдим этиш ва йиғилишлар эркинлигини ҳурмат қилиш йўли билан таъминлаш мажбуриятини оламиз.

 

Истамбул 1999 йил (Европа хавфсизлиги хартияси: III. Бизнинг умумий жавобимиз)

25. Биз ЕХҲТ доирасида қабул қилинган, жумладан 1990 йилги Копенгаген ҳужжатларидаги мажбуриятларга мувофиқ эркин ва ҳалол сайловлар ўтказиш бўйича ўз мажбуриятларимизни яна бир бор тасдиқлаймиз. Биз ДИИҲБ иштирок этувчи давлатларга сайловлар тўғрисидаги қонунчиликни ишлаб чиқишда ва амалга оширишда ёрдам кўрсатиши мумкинлигини эътироф этамиз. Биз бу мажбуриятларга мувофиқ мамлакатларимизда ўтказиладиган сайловларга бошқа иштирок этувчи давлатлардан, ДИИҲБ, ЕХҲТнинг Парламент ассамблеяси ҳамда сайловларни ўтказиш устидан кузатишни хоҳлаган тегишли институтлар ва ташкилотлардан кузатувчиларни таклиф этамиз. Биз ДИИҲБнинг сайловларни ўтказишни баҳолаш хулосаси ва унинг тавсияларига дарҳол муносабат билдиришга розимиз.

 

Порту 2002 йил (Қарорлар: Сайловларга тааллуқли мажбуриятлар 7/02-сон Қарори)

Вазирлар кенгаши,

ЕХҲКнинг Инсонийлик мезонлари бўйича конференциясининг Копенгаген кенгаши ҳужжати (1990 йил) қоидаларига мурожаат қилиб,

бу қоидалар янги мажбуриятлар билан тўлдирилганлигини (...) таъкидлаб,

бу мажбуриятларни бажаришга қатъиятимизни яна бир бор тасдиқлаб,

демократик сайловлар турли хил сайлов тизимлари шароитларида ўтказилиши мумкинлигини таъкидлаб,

ДИИҲБнинг иштирок этувчи давлатларга сайловлар билан боғлиқ мажбуриятларини бажаришга ёрдам кўрсатиш бўйича эксперт салоҳиятини эътироф этиб,

Доимий кенгашнинг 509-сон «Халқаро нормалар ва мажбуриятлар: демократик сайловларни ўтказишнинг яхши амалиёти бўйича амалий қўлланма» Қарорини эътиборга олиб,

иштирок этувчи давлатларни ДИИҲБнинг сайловларни кузатиш якунлари бўйича тавсияларига таъсирчанроқ муносабатда бўлишга даъват этади. (...)

 

Маасрихт 2003 йил (Қарорлар: Сайловлар бўйича 5/03-сон Қарори)

Вазирлар кенгаши,

(...)

ДИҲБ билан ЕХҲТ Парламент ассамблеяси ўртасида сайловларни кузатиш соҳасида давом этаётган самарали ҳамкорликни маъқуллаб,

бу йил июнь ойида ДИИҲБ томонидан тайёрланган ва иштирок этувчи давлатларга тақдим этилган «ЕХҲТ иштирок этувчи давлатларида демократик сайловларга нисбатан мавжуд мажбуриятлар: ишнинг бориши тўғрисида маъруза» (ODIHR.GAL/39/03) ҳужжатини маъқуллаб,

жумладан, электоратга умуман бутун жараёнга ишонч билдириш, сайлов тартиблари транспарентлиги ва сайловларни ўтказиш билан шуғулланаётган органлар ҳисоб беришлари зарурлигини эътироф этиб, иштирок этувчи давлатларни бундан буён ҳам ДИИҲБ билан мазкур соҳадаги ўз ҳамкорлигини чуқурлаштиришга даъват этади,

ДИИҲБга ўзининг иштирок этувчи давлатларга ДИИҲБнинг сайловларни кузатиш тўғрисидаги маърузасида қайд этилган тавсиялари юзасидан чоралар кўришларида ўз ёрдами самарадорлигини ошириш йўлларини кўриб чиқишни билдиради. (...)

 

Брюссель 2006 йил (Қарорлар: ЕХҲТ самарадорлигини ошириш 19/06-сон Қарори)

Вазирлар кенгаши,

(...)

1. ДИИҲБга Вазирлар кенгашининг 17/05-сон Қарори 2-бандига мувофиқ бажарган иши учун миннатдорчилик билдиради ва унинг 2006 йил 10 ноябрида нашр этилган маърузасини маълумот учун қабул қилади;

(...)

3. Иштирок этувчи давлатларга ўз қонунчилиги ва ҳуқуқий амалиётини ЕХҲТ мажбуриятлари билан солиштиришлари лозимлигини эслатади;

4. Иштирок этувчи давлатларнинг мавжуд мажбуриятларини амалга оширишлари боришининг ҳозирги ҳолатига тааллуқли баҳони маълумот учун қабул қилади ва, жумладан, улар томонидан ЕХҲТ доирасида қабул қилинган мажбуриятларнинг самарали бажарилиши учун маъсулият иштирок этувчи давлатлар зиммасида эканлигини таъкидлайди. Шу муносабат билан ДИИҲБ уларга ёрдам кўрсатиб, муҳим роль ўйнайди;

5. Доимий кенгашга ДИИҲБ ва ЕХҲТнинг бошқа тегишли институтларининг тавсияларини эътиборга олган ҳолда мазкур маърузада қайд қилинган соҳалардаги мажбуриятларни бажариш муаммоларига, ДИИҲБ ёрдамидан самаралироқ фойдаланишни эътиборга олган ҳолда эътибор қаратишни топширади;

6. Бу маърузада янги мажбуриятларга тааллуқли таклифларни маълумот учун қабул қилади ва Доимий Кенгашдан Вазирлар кенгашининг 2007 йилда Мадриддаги учрашуви бошлангунга қадар улар юзасидан ўз хулосасини чиқаришини сўрайди;

(...)

8. ЕХҲТнинг электорат жараёни билан боғлиқ фаолиятини бундан буён ҳам ривожлантириш мажбуриятини олади ва шу муносабати билан ЕХҲКнинг Инсонийлик мезонлари бўйича конференцияси Копенгаген кенгашининг ҳужжати (1990 йил) қоидаларини иштирок этувчи давлатлар томонидан инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини, шу жумладан демократик сайловларни ўтказиш учун зарур бўлган ҳуқуқлар ва эркинликларни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадларида қабул қилишган ЕХҲТнинг умумий мажбуриятларини тамал тоши сифатида яна бир бор тасдиқлайди;

9. Бу мажбуриятлар Олий даражадаги Будапешт учрашувининг Декларацияси (1994 йил), Олий даражадаги Лиссабон учрашувининг Декларацияси (1996 йил), олий даражадаги Истамбул учрашувининг Декларацияси (1999 йил), Европа хавфсизлиги хартияси (1999 йил) ва Вазирлар кенгашининг Порту (2002 йил) тегишли қоидалари ва Маастрихт (2003 йил) учрашувларининг қарорлари билан тўлдирилганлигини таъкидлайди;

10. Иштирок этувчи давлатларнинг сайловлар мониторингини олиб бориш учун бошқа иштирок этувчи давлатлардан, ДИИҲБ, ЕХҲТнинг Парламент ассамблеясидан ҳамда ўз кузатувчиларини юборишни хоҳлаётган тегишли институтлар ва ташкилотлардан кузатувчиларни таклиф этиш мажбуриятларини яна бир бор тасдиқлайди;

11. Иштирок этувчи давлатларнинг ўз кузатувчиларини юборишлари йўли орқали электорат жараёни ҳалоллигии мустаҳкамлашга ўзлари самарали ёрдам кўрсатишлари мумкинлигини таъкидлайди; (...)

 

Остона 2010 йил

6. (...) Биз фуқаролик жамияти ва эркин ОАВ инсон ҳуқуқларини асосий эркинликлари, демократияни, шу жумладан эркин ва ҳалол сайловларни ҳамда ҳуқуқ устунлигини ҳурмат қилишни тўла ҳажмда таъминлашга ўзимизга ёрдам берар экан, улар ўйнаётган муҳим ролини қадрлаймиз.